French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳалоллик ва эзгу мақсадлар йўлидаги изланишлар
19:09 / 2020-12-18

Ўзининг ярим асрлик тўйини нишонлаётган Олмалиқ кон-металлургия комбинати Рух заводи ўзига хос ишлаб чиқариш тизими ва технологиясига эга бўлган ноёб корхоналардан бири ҳисобланади.

Рух заводи – 50 ёшда 

Корхонанинг ўтган вақт давомида юксалиш, синовли паллалари етарлича бўлди. Айни бугунга келиб мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга ҳамоҳанг ҳолда заводни замонавий технологиялар асосида ривожлантириш ва унинг барқарор ишлашини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш йўлида меҳнат жамоаси ўзининг истиқболли марралари ва мақсадларини дадил белгилаб олганлиги қувончлидир.

Биз қуйида Рух заводи тарихидан ўрин олган ўчмас воқеликлар сўнгги йилларда олиб борилган ишлар хусусида қисман тўхталиб ўтамиз. Бу корхона тарихини яққол тасаввур қилиш ҳамда комбинат иккинчи металлургия корхонаси миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган муҳим ва стратегик вазифалар ижросига оқилона ёндашувини ҳаққоний баҳолаш имконини беради.

1970 йил 30 сентябрида илк маротаба Рух заводида рух қуймаси қуйилишига муваффақ бўлинди, орадан уч ҳафта ўтиб, яъни 22 октябрда биринчи кадмий метали олинди. Дастлаб, корхона сульфидли рух концентратларини қайта ишлашга жалб этиб борилди. Қайта ишлаш жараёнларидан сўнг тўпланиб борилган ўзида қимматбаҳо металларни мужассам этган кекларни қайта ишлаш мақсадида Рух заводининг учинчи навбати вельцлаш комплексини қуришга киришилди. 1972 йилнинг 29 июнида Вельцлаш цехининг биринчи йирик печи рух кеклари билан юкланди. Завод жамоасининг матонатли меҳнати эвазига 1973 йилда рух купороси ва нодир металл ҳисобланувчи индий олинишига муваффақ бўлинди.

Асосий маҳсулот ишлаб чиқариш динамикаси шуни кўрсатадики, завод ўзининг максимал кўрсаткичларига 1985 йилда сульфат кислотаси ишлаб чиқариш бўйича 155 минг тоннага, 1986 йилда рух ишлаб чиқариш бўйича 121,5 минг тоннага эришди ва ўз фаолиятининг атиги ярим асрида завод 4,1 миллион тонна рух металли, 5,1 миллион тонна сульфат кислотаси, 21,5 минг тонна кадмий металли, 34,1 тонна индий металли, 2235 тонна рух асосидаги қотишмалар ва кўп минг тонна қўрғошин, мис ва таркибида қимматбаҳо металлар бўлган ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарди.

2013-2014 йилларга мўлжалланган инвестициявий дастур доирасида Электролит цехининг мавжуд қувватларини модернизация қилиш ва техник янгилаш бўйича 24,033 миллион долларлик ишлар амалга оширилиб, 2015 йилда эса цехнинг 1-серияси ишга туширилди. Шуниси эътиборга моликки, мазкур серия қарийб 26 йил давомида юкланмаган ҳолда тўхтаб турган. 2016 йил декабрь ойидан бошлаб Рух заводи Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ, ташқи бозорларда талабга жавоб берадиган маҳсулотлар – рух оксиди ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 2016-2020 йиллар мобайнида янги маҳсулотларни чиқариш 2235 тоннани ташкил этди.

Мамлакатимиз Президентининг “Олмалиқ КМК” АЖ ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2018 йилнинг 30 сентябридан бошлаб ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш ишлари кенг кўламда бошлаб юборилди, унга кўра рух заводининг қувватларини йилига 120 минг тоннагача чиқариш кўзда тутилган.

ОКМК тизимида сульфат кислотаси ишлаб чиқаришнинг таянч мактаби яратилган Сульфат кислота цехида 1-сонли сульфат кислота цехини капитал таъмирлаш ва йилига 220 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқарадиган 2-сонли сульфат кислота цехини қуриш корхона меҳнат аҳлининг яна бир энг истиқболли режаларидан ҳисобланади. Шунингдек, Энергетика цехи электр станциясининг асосий ускуналарини модернизация қилиш, буғ, сиқилган ҳаво, айланма сув таъминоти, иссиқ сув ва ичимлик суви қувурларини таъмирлаш эвазига маҳсулотлар таннархини кескин камайтириш бош вазифа қилиб олинди.

Кўп миллатли, ўз касбининг фидойиси бўлган инсонларни бирлаштирган, меҳнатсевар ишчи-ходимлар, юксак илм, тажриба соҳиби бўлган муҳандис-техник ходимларни ўзида мужассам этган Рух заводи жамоасининг энг катта ютуғи – мураккаб ва машаққатли саналган металлургия жараёнларини ишлаб чиқаришга ишонч билан татбиқ этгани, корхона қувватларини ошириш йўлида ижобий натижаларни қўлга киритиб бораётгани ва юксак марраларни кўзлаганидир. Эллик йил давомида қўлга киритилган оламшумул ютуқлар замирида металлургларга хос оташин меҳнат, ҳалоллик ва эзгу мақсадлар йўлидаги изланишлар ётади.

ЎзА