Тошкент давлат шарқшунослик университетда Ўзбекистонни Ҳиндистон ва Покистон билан яқинлаштирган, ўзбек урдушунослик соҳасига тамал тошини қўйган йирик ҳиндшунос олим, қалами ўткир таржимон, моҳир педагог, Покистон Ислом Республикасининг “Prideof Perfomance” (Шарафли меҳнати учун) давлат мукофоти соҳиби Раҳмонберди Муҳаммаджонов хотирасига бағишлаб чоп этилган “Ҳалоллик тимсоли” китоби тақдимоти ўтказилди.
Университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этган тадбирда олимнинг ҳаёти, илмий фаолияти, таржималари, қолдирган бой маънавий мероси ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Устоз-шогирд анъанаси асосидаги чиқишлар, маърузалар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
– Раҳмонберди Муҳаммаджонов республикамизда урду ва ҳиндий тилларини ўқитишга салмоқли ҳисса қўшган, – деди университет ректори Гулчеҳра Рихсиева. – Устознинг қатор урду ва ҳиндий тилли мактаблар, олий ўқув юртлари учун, жумладан 1990 йил нашр қилинган “Урду тили дарслиги” ва бошқа кўплаб дарслик, ўқув қўлланмалари ҳали-ҳануз нуфузини йўқотгани йўқ. Олим қаламига мансуб урду тили грамматикасига доир мақолалар у замонасининг етук лингвист олими бўлганига яққол далил.
[gallery-23672]
Таржимон Раҳмонберди Муҳаммаджоновнинг меҳнати самараси ўлароқ, 1973 йил Тошкентдаги Ғафур Ғулом номли нашриёт томонидан “Ўзбек шоирлари” шеърий тўплами урду тилида нашр этилган. 1996 йил Покистонда Алишер Навоий ғазаллари урду тилида нашр этилган. Ўзбек халқига Ҳиндистон ва Покистонда бирдек севимли шоир Мирзо Асадуллоҳ Хон Ғолибни танитган ҳам Раҳмонберди Муҳаммаджоновдир.
Таниқли мутахассис Тошмирза Холмирзаев бир воқеани эслади. Профессор Қамар Райис Ҳиндистонда чоп этиладиган “Жамоатчилик фикри” нашрида эълон қилинган, ўзбек ҳиндшунослигига бағишланган мақоласида Раҳмонберди Муҳаммаджоновнинг тилшуносликка оид ишларини эътироф этиб, жумладан, фахр билан шундай ёзган:
– Мен ўз она тилим урдуда сезмаган, англамаган нозик жиҳатларни Раҳмонберди Муҳаммаджонов пайқай оларди.
Тақдимот давомида кўп бор таъкидланганидек, Раҳмонберди Муҳаммаджоновнинг бой илмий мероси бугунги ёш авлод учун беқиёс намуна бўла олади.
Муҳаррама Пирматова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА