Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти томонидан ҳам мазкур сана муносабати билан турли тарғибот тадбирлари, маърифий мулоқотлар ташкил этилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг пойтахтимиздаги бош офисида ҳам ушбу сана муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш олиб бориш борасидаги тизимли ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди. Бу борада фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, уларни миллий қонунчилигимизга оид янгиликлардан мунтазам бохабар этиб бориш, коррупцияга қарши курашда муросасиз бўлиш, давлат ташкилот ва идоралари, банк-молия тузилмалари фаолиятида очиқлик, ошкораликни таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖда халқаро стандартлар асосида фаолият юритувчи коррупцияга қарши курашиш тизими жорий этилгани диққатга сазовордир. Бу борадаги ишлар мунтазам тарзда такомиллашиб бормоқда.
[gallery-26738]
Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий Кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қарорларига асосан 2022-2024 йилларда “Ўзмиллийбанк” АЖда “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилди.Бу йўналишдаги ишлар 2025 йилда ҳам давом эттирилди.
“Ўзмиллийбанк” Акциядорлик жамиятида коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавф-хатарлар баҳоланиб, уларни бартараф этиш чоралари белгиланди.
Барча банк ходимларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди, ҳар бир курс якунлари бўйича тест синовлари ўтказилди.
Бу эса “Ўзмиллийбанк” АЖнинг коррупцияга қарши менежмент тизимини ISО 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқлигини сертификатига сазовор бўлишида муҳим омилдир.
Ушбу сертификатга эришиш “Ўзмиллийбанк” АЖ учун шаффофликни ошириш ва ахлоқий хулқ-атвор ва масъулиятнинг юқори стандартларига содиқлигини намойиш этишда муҳим қадамдир.
Сертификатлаш нафақат халқаро стандартларга мувофиқлигини, балки Банкда коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларини белгилайди, бу унинг ҳалоллик ва масъулият тамойилларини қўллаб-қувватлашдаги ролини оширади.
Тадбирда “Ўзмиллийбанк” АЖ фаолиятида холислик, ҳаққонийлик, шаффофлик каби тамойиллар ютуқлар ва банк тузилмасининг нуфузини белгилашда аосий омил экани алоҳида эътироф этилди.
Н.Усмонова, ЎзА