Маданият ва туризм вазирлиги қошидаги “Туризм хизматларини сертификатлаш маркази” ДУК томонидан “World Halal Trust Group” ва “Halol “MAIB” Халқаро сертификатлаштириш маркази” МЧЖ билан ҳалол туризм соҳасида яқин ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида меморандум имзоланди.
Меморандумда икки томонлама ҳамкорлик ва икки томонлама алоқаларни ўзаро манфаатлилик, шунингдек, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч, ўзаро тушуниш, Ўзбекистон Республикасида ҳалол туризмни ривожлантиришда маънавий ва тижорий мақсадга мувофиқлик самарадорлиги асосида мустаҳкамлаш, ҳалол туризм учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, давлатнинг иқтисодий ва маданий ривожланишида ахлоқий меъёрлар ва қоидаларнинг аҳамияти ва муҳимлигини эътиборга олиш назарда тутилган.
Қайд этиш лозимки, меморандумга биноан томонлар “Ҳалол” сертификатлаш масалалари бўйича қўшма тадқиқотларни ривожлантириш ва бундай тадқиқотларни халқаро, миллий, минтақавий даражаларда ўтказиш усулларини ишлаб чиқишда иштирок этиши, касбий тайёргарлик бўйича қўшма дастурларни тайёрлаши мумкин. Тегишли стандарт талабларига мувофиқ, меҳмонхона хизматларини сертификатлаш бўйича биргаликда ишларни амалга оширишлари мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА