1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида мамлакатимиз бўйлаб ўзининг фидойилиги, меҳри ва жасорати билан ёш авлод қалбида из қолдирган устозлар эъзозланмоқда.
Улар орасида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги 24-умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Шуҳрат Ўтанов ҳам бор.
Унинг югуришга бўлган муҳаббати – оддий спорт эмас, ҳаёт тарзи, ҳаёт мазмуни. Устознинг ҳар бир дарси, тўгараги, машғулоти нафақат жисмоний етукликка, балки ҳаётга синчков ва атрофлича қарашни ўргатади.
1996 йилдан буён Шуҳрат Ўтанов юзлаб шогирдларни камол топтирди. Бугун мактабдаги 4 нафар жисмоний тарбия ўқитувчилари, яъни ўз шогирдлари билан биргаликда болаларнинг қайси спорт турига қобилияти борлигини аниқлаб, уларни алоҳида-алоҳида шуғуллантириб келишмоқда. Ҳар куни, дарсдан ташқари пайтда 6 хил спорт йўналишида мунтазам машғулотлар олиб борилади.
Шуҳрат ака бошқарадиган енгил атлетика тўгарагида 100 нафарга яқин ўқувчи фаол қатнашмоқда. Улар орасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари, халқаро мусобақа ғолиблари ва совриндорлари ҳам бор. Жумладан, унинг шогирди – Параосиё ўйинлари совриндори Мадина Мухторова Хитойнинг Гуанжоу шаҳридаги мусобақада диск улоқтириш бўйича бронза медалига сазовор бўлган. Париж Паралимпия ўйинларида ҳам фаол иштирок этган. Мадина ҳозирда Тошкентдаги олий ўқув юрти талабаси.
Устознинг саъй-ҳаракатлари натижасида “Олимпия чўққилари” мусобақасининг вилоят босқичида 4 нафар шогирди ғолиб бўлиб, республика финалида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Улар ядро улоқтириш, диск улоқтириш ва югуриш каби йўналишларда вилоят шарафини ҳимоя қилишади.
– Муҳтарам Президентимиз фармони билан менга берилган "Шуҳрат" медали фақат менга тегишли эмас, – дейди Шуҳрат ака. – Бу – шогирд ўқувчиларимнинг меҳнати, уларнинг ота-оналари, мактаб жамоамизнинг, қолаверса, маҳалланинг ҳам ютуғи ва албатта, энг асосий маслаҳатчим, отамнинг дуолари самарасидир.
[gallery-25451]
Унинг фаолияти нафақат мактаб ичида, балки халқаро ареналарда ҳам ўз самарасини бераётир. Унинг ўзи анъанавий тарзда ҳар йили ташкил этиб келинаёт Тошкент, Самарқанд ва Зомин марафонларида фаол иштирок этиб келмоқда. Бу йилдан бошлаб эса, ушбу марафонларда унинг ўқувчилари ҳам иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олишмоқда.
Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Нодира Ҳасанова шундай дейди:
– Шуҳрат домла шунчаки спортчи ёки ўқитувчи эмас. У ҳар бир ўқувчи тақдирига дахлдорликни ҳис этади. Шуҳрат Ўтанов оилада билимдон ва меҳнатсевар болаларнинг севимли отаси. Турмуш ўртоғи Феруза опа ҳам 24-мактабда ўқитувчилик қилади. Улар 4 нафар фарзанд ва икки нафар набирани тарбиялаб, вояга етказмоқдалар.
Шуҳрат аканинг тўнғичи — Замира ҳам ота-онаси касбини давом эттирмоқда. Миржалол ва Ойнура эса талаба, кенжатойи Рамзиддин енгил атлетика бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси. Отаси – Қўшмурод бобо нафақадаги меҳнат фахрийси, ўғлига яқин дуогўй ва маслаҳатчидир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/VeU--pTQReY?si=bWU5NDNPwFHrF2QY" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат, видео), ЎзА