French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳали режалари кўп эди...
22:07 / 2021-05-09

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Кечагидек эслайман. 2017 йилнинг 8 августида илк марта минг ҳадик билан Рустам Собирович билан учрашдим. Мен билан Давлат бошқаруви академиясига декан лавозимига ўтиш учун суҳбатлашди. У пайтда Президентнинг кадрлар масаласи бўйича маслаҳатчиси биринчи ўринбосари, Академия ректори эдилар.

– Тошкент вилоятидан экансиз, қани, айтингчи, вилоятингиздаги қайси шоирни, ёзувчини биласиз, асарларидан, шеърларидан айтиб бера оласизми, қанақа қадамжолари бор, –деб сўрадилар.

Бир муддат нега бундай савол берилганини тушунмадим ва секин жавоб бердим. Кейинчалик билсам, устоз дастлаб шу каби кўринишидан оддий саволлар орқали инсоннинг туғилган юртига садоқатини, тарихига ҳурматини, маънавиятини, халқига бўлган муҳаббатини билиб оларкан.

Ўша кундан бошлаб менинг устоз билан йўлларим кесишди. Уч йиллик фаолиятимиз даврида 50 мартага яқин хориж ва ҳудудларимизга хизмат сафарларида бўлдик.

Ҳар гал “Ҳар бир ишни қилишда жуда кичик деталларни ҳам унутмаслик керак. Кичик элементлар катта муаммоларни пайдо қилади. Ҳар ишда илм лозим. Инсон ўзининг имзосини яратиши учун ҳар кун жонини қийнаши керак”, дердилар.

– Сен ҳар куни ўз жойингга лойиқлигингни амалда исботламасанг, муносиби келади. Ҳар кун 5-10 бет китоб ўқишни кўникмага айлантиришинг керак, – дердилар.

Қабулларига Академиянинг турли ҳужжатларини кўтариб кирсам, “Так, хўш, кеча қандай китоб ўқидинг”, дердилар. Токи айтмасам, асосий масаламга ўтолмасдим.

Бугун ўйлаб қарасам, устоз жамиятда бизга ўхшаган ёш давлат хизматчиларининг камроқ хато қилиши учун тажриба ва маслаҳатларини аямаган эканлар. “Вақтнинг қадрига етган хизматчигина шарафли йўлда юради”, дердилар.

Устоз билан боғлиқ яна бир воқеани эслайман. 2017 йилнинг сентябр ойи эди. Бизни Шайхонтоҳур туманига олиб бордилар. Ўша пайтлар давлатимиз раҳбари бошчиликларида янги ислоҳотлар, энди-энди халқ билан мулоқотлар бошланган даврлар эди. Одамлар ичида юрарканмиз, алоҳида таъкидладилар: “Халқ билан гаплашганда минбарни унутиш керак, ҳақиқий етакчининг ўрни минбарда эмас. Сен минбардан туриб тепадан халққа қарасанг, халқ сенга пастдан қараб гапирса, бунда улар сени қабул қилмайди”. Биз бора-бора устознинг бу маслаҳатларини кўникмага айлантирдик.

Уларнинг яна бир хислати бор эди. Ўтганлар хотирасини эъзозлашни, ёд этиб туришни хоҳлардилар. Бир куни атоқли навоийшунос олима, Ўзбекистон Қаҳрамони Суюма Ғаниева хотирасига бағишланган юбилей кечасини ташкил қилишимизни айтди. Ўзлари ҳам бу ишга шундай жиддий киришдиларки, олима ёнимизда юргандек бўлдилар. Устознинг бу инсонийлик жиҳатлари бизга катта мактаб бўлди.

Устоз билан боғлиқ яна бир воқеани эслайман. Академия ошхонасида бирга тушлик қиляпмиз. “Сени тингловчиларинг лидер сифатида билишадими”, деб қолдилар. Индамадим. “Кел эксперемент қилиб кўрамиз. Идишларингни йиғиштиргинда, ўзинг таом тарқатадиган жойга олиб бориб қўй", деди. Худди шундай қилдим. Зум ўтмай бирин-кетин тингловчилар ҳам бу ҳолатни такрорлади. Юзларида ним табассум билан “Так, сен эплабсан. Кўринишидан майда ишлар билан катта қадамларни ташласа бўлади”, дедилар.

Устоз доим бир гапни такрорларди:

– Илмсиз, адашиб келиб қолган раҳбар биринчи муаммогача чидайди. Ўзининг устида ишлаган илмли раҳбар эса мардонавор юришда давом этади.

Ҳа, бугун устоздан катта ишлар, яхши ном, халқига садоқатли шогирдлар қолди.

Кураш ҳаёт шукуҳи дейишади. Бугун ўйласам, устоз умрларининг охиригача миллат равнақи, тараққиёт, ёш авлод келажаги учун курашибди, ўз имзоларини қўя олибди.

“Жуда қайғудаман. Ватанга садоқатли, фидойи, ақлли, миллатимизнинг зиёлиларидан бирини йўқотдик”, деганларида давлатимиз раҳбари нечоғлиқ ҳақ бўлганларини бутун миллат тасдиқлади.

Тақдирнинг иши олдида инсоният ожиз. Устознинг режалари ҳали бисёр эди...

Рустам Собирович Қосимовнинг эзгу амаллари шогирдлар қалбида абадий яшайди. Устоз "Ҳақиқий лидер янги лидерларни кашф этади", деб бежиз айтмаган экан. Бугун биз устознинг "Халқ манфаати, давлатимиз тараққиёти йўлида ўзингни ҳар куни қийна, раҳбарлик лавозимида ўтирдингми, шу куни ҳаловатинг йўқолсин. Билсанг, халқининг фаровонлиги учун яшалган умр – энг саодатли умр йўлидир", деган сўзларини амалиётда дастуруламал деб билдик. Устознинг ҳам ҳаёт йўллари саодатли йўл сифатида халқимизнинг хотирасида яшайди.

Отабек Ҳасанов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари.