Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳали ҳудудий мутаносиблик таъминланмаган
12:37 / 2026-03-05

Жиззах вилоятида жамоат транспортига бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида ўтди. Муҳокама оддий ҳисобот билан чекланмади, балки тизимдаги узоқ йиллик муаммоларни очиқ кўтаришга қаратилди. Энди масала — айтилган гапларда эмас, амалий ечимларда.

Расмий маълумотларга кўра, вилоят аҳолисининг 26,8 фоизи жамоат транспортидан фойдаланмоқда. Бу кўрсаткич ижобий динамика сифатида талқин қилиниши мумкин. Бироқ таҳлил нуқтаи назаридан қаралса, аҳолининг қарийб тўртдан уч қисми тизимдан ташқарида қолмоқда. Демак, жамоат транспорти ҳали оммавий ва муқобилсиз хизмат даражасига чиқмаган.

Ўтган йили 101 та янги автобус олиб келингани, электрон тўлов тизими жорий этилгани — муҳим қадам. Имтиёзли тарифлар аҳолини рағбатлантиришга хизмат қилади. Аммо транспорт тизими техника ва чегирмалар билан эмас, барқарор жадвал, қулай йўналиш ва интизом билан ишлайди. Агар автобус ўз вақтида келмаса, энг замонавий тўлов тизими ҳам ишонч уйғотмайди.

Таҳлиллар 120 та маҳаллада автобус қатнови мавжуд эмаслигини кўрсатди. Бу ҳудудий мутаносиблик таъминланмаганини англатади. Айрим маҳаллалар замонавий автобуслар билан қамраб олинган бўлса, бошқаларида аҳоли ҳануз тасодифий микроавтобус ёки енгил автомобилларга муҳтож. Бундай тафовут транспорт сиёсатининг яхлит эмаслигини кўрсатади.

Бекатлар ҳолати ҳам жиддий муаммо сифатида тилга олинди. Мавжуд 535 та бекатнинг маълум қисми талабга жавоб бермайди. Айрим ҳолларда бекатлар тадбиркорлик объектига айлантирилиб, йўловчи кутадиган жой қисқартирилган. Автобуслар учун махсус тўхташ жойларининг етишмаслиги ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар учун шароит яратилмагани эса ижтимоий адолат тамойилига зид.

Йиғилишда барча маҳаллаларда қайта хатлов ўтказиш ва аниқ дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу қарор натижа бериши учун таҳлил чуқур, режа аниқ ва ижро қатъий бўлиши шарт. Акс ҳолда, муаммолар яна ҳисобот рақамлари орасида қолиб кетади.

Жамоат транспорти — бу оддий қатнов воситаси эмас. У меҳнат бозорига чиқиш имконияти, таълим ва тиббиёт хизматларига етиб бориш шарти, аҳоли турмуш сифати кўрсаткичидир. Шу боис масала автобус сонини кўпайтиришда эмас, тизимни самарали бошқаришда.

Муҳокама танқидий руҳда ўтди. Энди ушбу танқид амалдаги ўзгаришларга айланиши керак.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА