Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳали бунақаси бўлмаган: тадбиркорлар билан олти соатлик мулоқот
12:58 / 2021-08-21

Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш учун сўнгги беш йилда 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Бугун мамлакатимизда 1.5 миллион тадбиркор бор. Ёш ишбилармонлар сони эса беш йилда 5 баробар кўпайиб, 500 мингдан ошди. Яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи ушбу секторга тўғри келмоқда. Ҳозирда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшлар ушбу соҳада банд.  

 Бундай маълумотларни яна кўплаб келтириш мумкин ва бу кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги улуши ошиб бораётганидан дарак беради. Чунки бугун ушбу соҳани ривожлантирмай туриб тараққиётга эришиб бўлмайди. Кичик бизнес мамлакат иқтисодиётининг ҳақиқий драйвери ва таянчига айланди.    

 Шу боис, сўнгги йилларда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, соҳа ривожи билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада қисқартириш бўйича мақташга арзигулик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш соддалаштирилиб, муддатлари 2 бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди.   Аммо соҳада ҳамон ечимини кутаётган муаммолар кўп. Мазкур очиқ мулоқот олдидан тадбиркорларни қийнаётган муаммолар сўралган эди. Қисқа вақт ичида турли масалаларга оид 15 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Тадбиркорлар кўтарган 12 мингдан зиёд шахсий масалаларнинг ярмидан кўпи ушбу учрашувга қадар ҳал қилинган. Айтилмаганлари қанча.  

 Мана, нима учун тадбиркорларнинг Президент билан очиқ мулоқоти олти соатга чўзилди. Халқаро анжуманлар саройида бевосита 600 нафар, ҳудудлардаги марказий студияларда 1800, туман студияларида эса 8 минг, жами 10 мингдан ортиқ тадбиркор иштирок этгани ҳам учрашувининг қанчалик аҳамиятга эгалигидан дарак беради.  

 Очиқ мулоқотда соҳадаги муаммоларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш кўрсатиб ўтилди ва янги ташаббуслар илгари сурилди. Сўзга чиққан тадбиркорлар ҳам ўз муаммолари, таклиф ва мулоҳазаларини Президент олдига дадил ва ошкора тарзда қўя олди.    

 Президентнинг «Мен бугунги мулоқотдан жуда ҳам мамнун бўлдим. Бугунги тажрибамиздан келиб чиқиб, ушбу учрашувларни ҳар йили ташкил этсак, буни яхши бир анъанага айлантирсак, Сизларга маъқулми? Шу муносабат билан бугунги санани, яъни 20 августни мамлакатимизда «Тадбиркорлар куни» деб эълон қилиб, уни ҳар йили юртимизда кенг нишонласак, бу ташаббусга нима дейсизлар», – деган таклифи бир овоздан қўллаб-қувватланди.  

 Учрашувда тадбиркорлар манфаатидан келиб чиқиб, шунчалик кўп таклифлар билдирилдики, улар тез орада Қонун ва фармонларда, қарор ва давлат дастурларида ўз аксини топади. Энди гап маҳаллий давлат идоралари раҳбарларининг уларни қанчалик даражада ижро қилишида қолди. Албатта, бу халқ вакили ҳисобланмиш депутатларга самарали назоратни ўрнатишда катта масъулият юклайди.  

 Жаҳонгир ЗИЯЕВ,  

 «Миллий тикланиш» депутати