Хаким Жеффрис АҚШ Конгресси қуйи палатаси демократлар фракцияси раҳбари
Нью-Йорк штати вакили Хаким Жеффрис АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида демократик партия фракцияси раҳбари этиб сайланди. У 82 ёшли Ненси Пелосининг ўрнини эгаллайди. Бу ҳақда “CNN” хабар берди.
52 ёшли Жеффрис АҚШ Конгресси палаталари фракция раҳбари лавозимига сайланган биринчи қора танли бўлди. Январь ойида у ўз вазифасини бажаришга киришади.
Аввалроқ демпартия етакчиси этиб қайта сайланишга интилмаслиги, қуйи палатада ишлашни давом эттириш ниятини билдирган Пелоси Жеффрисни партияга “янги энергия, янги ғоялар ва истиқбол” келтиришини таъкидлади.
Жеффрис 2013 йилдан бери Вакиллар палатасида Нью-Йорк вакили ва 2019 йилдан бери қуйи палатадаги демократларнинг ёпиқ эшиклар ортида ўтказиладиган йиғилишларга раислик қилиб келади.
ЎзА