English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳакамлик судлари низоларни Хўжалик судлари ва Фуқаролик ишлари бўйича судлардан кўра тезроқ кўриб чиқади
11:19 / 2021-10-12

Бугунги кунда бозор муносабатларининг ривожланиши ва фуқаролик жамиятининг шаклланиши ҳакамлик муҳокамасини ривожлантириш заруратини юзага келтирди.

 2007 йил 1 январдан кучга кирган «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши эса унинг ҳуқуқий асосини белгилаб берди. Айни пайтда Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциациянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда филиал ва ваколатхоналари ҳамда 100 дан ортиқ туман (шаҳар) ҳакамлик судлари самарали фаолият юритиб келмоқда.

Қисқа вақт ичида мазкур фармон асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонуни 2006 йил 16 октябрда қабул қилиниб, 2007 йил 1 январдан кучга кирган. Ҳакамлик судлари фаолияти ривожланган давлатларда фуқаро ва хўжалик субъектлари ўртасидаги қарздорлик низоларининг 80-85%и айнан ҳакамлик судларида кўрилиб, ҳал этилади.

Арбитраж, бу – низоларни махсус нодавлат судларида ҳал этиш усули ҳисобланиб, кун сайин оммалашиб бормоқда. Мазкур институт Европада - Арбитраж суди, Россияда - Третейский суд, Ўзбекистонда эса Ҳакамлик суди деб аталади. У ихтиёрий судлов усули бўлиб, тарафлар ўртасида келиб чиққан низоларни ҳакамлик тартибида кўриб чиқади.

Ҳакамлик судлари томонидан низоларни ҳал этиш асрлар давомида шаклланган тажрибаларга таянади. Айтиш мумкинки, ҳакамлик судларининг ихтиёрийлик, тарафларнинг тенг ҳуқуқлиги, ҳакамлик судьяларининг холислиги, одиллиги тамойилларига оғишмай амал қилиши, ўзаро ҳамкорликни сақлаб қолишга эришиш, махфийлик каби принципларга асослангани сабабли унга мурожаат этувчилар сони ортиб бораяпти. Шунингдек, ҳакамлик судлари низоларни хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судлардан кўра тезроқ кўриб чиқади. Унда фақат битта босқич назарда тутилган булиб, бошқа судлар каби апелляция, кассация, назорат инстанциялари мавжуд эмас.

Хакамлик судининг хал қилув қарори якуний хисобланади ва қарор қабул қилинган кундан қонуний кучга киради. Хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас. Бундай нодавлат судларга тўланадиган ҳакамлик йиғими давлат божига нисбатан 50 фоизга камлиги ҳам мурожаат этувчилар учун қулайлик яратади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қонун асосида мажбурий ижро билан таъминланган. Фақат тарафлардан бири ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишини сўраб, хўжалик суди ёки фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиши мумкин. Бироқ бундай ҳолларда ҳам ваколатли судларнинг ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текшириши ёки ҳакамлик судининг ҳал қилувчи қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишига йўл қўйилмайди.

Агарда ҳакамлик суди қўпол процессуал камчиликларга йўл қўйган, хусусан, тарафларнинг бири судга чақирилмаган, ваколатли бўлмаган масала бўйича қарор чиқарган бўлса, унинг қарорлари бекор қилиниши мумкин. Шуни эътиборга олиш лозимки, ҳакамлик судлари маъмурий, оила, меҳнат ҳуқуқи муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, солиқ, божхона ва ҳокимият органларидир.

Ҳакамлик суди - фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўртасида вужудга келувчи хўжалик низоларини ҳал этувчи нодавлат органи. Ҳакамлик суди низоларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилади. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судларини ташкил этиш ва фаолиятини тугатиш, муваққат ҳакамлик судларини ташкил этиш тўғрисидаги, шунингдек, доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳақидаги ахборот «Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами»да эълон қилинади.

Ҳакамлик судининг хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судлардан фарқли жиҳатлари қуйидагиларда ўз аксини топади:

- ҳакамлик суди томонидан нафақат хўжалик ишлари, балки фуқаролик ишлари ҳам кўриб чиқиб ҳал этилади. (хўжалик судларида фақат юридик шахсларга оид хўжалик низолари кўрилса, фуқаролик судларида фақат фуқароларга оид низолар кўрилади);

- ҳакамлик судида ишлар тезкорлик билан ҳал этилади.

- асосий мақсад тарафларнинг келишувига йўналтирилади ҳамда тарафлар ўртасидаги ҳамкорлик сақлаб қолинади;

- ҳакамлик муҳокамасининг махфийлиги қонун билан кафолатланади;

- томонлар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилмайди;

- ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради;

- хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳакамлик суди томонидан аниқланган ҳолатларни текширишга ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас;

- ҳакамлик судлари йиғими миқдори хўжалик суди ёки фуқаролик ишлари бўйича судда кўриб чиқилганда тўланиши лозим бўлган давлат божининг ярмидан ошмайди;

- ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, уни тегишли тартибда мажбурий ижрога қаратиш қонун билан кафолатланган.

Ўзбекистон Республикасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонуни асосида 2009 йилнинг май ойида Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциацияси ташкил этилиб, айни вақтда ассоциация тизимида Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳар филиаллари ва барча вилоятларда ваколатхоналар ташкил этилган. Мамлакатимизнинг барча туманларида доимий фаолият кўрсатувчи 100 дан ортиқ ҳакамлик судлари ташкил этилган. Буларда 400 дан ортиқ ҳакамлик судьялари фаолият юритмоқда. Шунингдек, 2010 йилнинг июнь ойида ассоциация ҳузурида Ҳакамлик судлари академияси ташкил этилиб, унда барча ҳакамлик судьялари ва судьяликка номзодлар ўз малакаларини ошириб келишмоқда.

Ҳакамлик судларининг афзаллиги шундаки, унда халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланган урф-одат ва анъаналари ҳисобга олинган. Ушбу нодавлат судида кўриладиган ишларнинг аксарияти тарафларнинг ўзаро қабул қилган келишув битимини ихтиёрий равишда бажариш мажбуриятини олиши, дўстона муносабатлари, ўзаро ҳамкорлиги сақланиб қолишига эришиш билан якунланади. Бу - халқимизга хос бағрикенглик, муросаю мадоранинг намунасидир.

А.Шакаров,

Ўзбекистон Ҳакамлик судлари

ассоциацияси раиси ўринбосари