English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳафталик кўтаринки руҳда ўтмоқда
18:19 / 2024-03-26

Мамлакатимизда 27 март – Халқаро театр куни олдидан ўтказилаётган “Театр томошалари ҳафталиги” доирасида З.М.Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма театри, вилоят Ёшлар ва Қўғирчоқ театрлари жамоалари томонидан турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, жамоалар ўз репертуарларидаги асарлар намойиши билан театр мухлисларига хуш кайфият улашмоқда.

– Театр санъати инсонларни ҳамиша эзгуликка чорлаган, театр орқали орзу-умидлар баён этилган, турли иллатлар кўрсатиб берилган, – дейди З.М.Бобур номидаги Андижон вилояти мусиқали драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зарифахон Ҳайдарова. – Минг афсуски, кейинги ўн йилликларда юртимизда театр санъати бироз четга сурилиб қолганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз. Бугунги кунга келиб театр санъати яна ўз шуҳратини, мавқеини тикламоқда. Ўтказилаётган юқоридаги каби тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшларнинг театр санъатига бўлган қизиқишларини оширишга, маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. 

З.М. Бобур номидаги вилоят мусиқали драма театрида ҳар куни спектакль намойишидан олдин театр ижодкорлари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Жумладан, ҳафталик доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мавлудахон Бойматова, Ҳабибулло Юнусов, Ўзбекистон маданияти ва санъати фидокори кўкрак нишони соҳибаси Ойистахон Маҳмудованинг театр мухлислари билан ижодий учрашувлари ташкил этилди. 

Санъаткорлар, ёзувчи ва шоирлар, театр мухлислари, ёшлар иштирок этган учрашувларда театр артистлари ўзларининг ижодий йўли, меҳнат фаолияти ҳақида гапириб, ижод намуналаридан намойиш этишди. Мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди. 

[gallery-16608]

Ҳафталик давомида вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан “Тўйлар муборак” театрлаштирилган шоу-концерт дастури, шунингдек, Қобилжон Юнусовнинг “Шайтоннинг гапига кириб”, драматург Рихсивой Муҳаммаджонов асари асосида режиссёр Жавлон Жўраев томонидан саҳналаштирилган “Бурч”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Валижон Умаров томонидан саҳналаштирилган “Бобур. Соғинч”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зарифахон Ҳайдарова томонидан саҳналаштирилган “Давлат болалари” номли спектакллар намойиш этилди. 

– Спектаклларимизни юртдошларимиз катта қизиқиш билан томоша қилмоқда, – дейди вилоят мусиқали драма театри актёри Зафарбек Саидбурхонов. – Баҳорни, театрни соғинган дилларга хуш ва байрамона кайфият улашаётганлигимиздан беҳад мамнунмиз. 

Ҳақиқатдан ҳам ҳар куни томоша заллари театр мухлислари билан гавжум бўлмоқда. Намойиш этилаётган спектакллар мухлисларда унутилмас таассуротлар қолдирмоқда. 

– Болалигимдан театр санъатига жуда қизиқаман, – дейди Андижон шаҳридаги 13-ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернат ўқитувчиси Нигора Ўрмонжонова. – Наврўз байрами шукуҳи кезаётган шу кунларда вилоят мусиқали драма театри томонидан намойиш этилган “Бобур. Соғинч”, номли спектаклини томоша қилиб, мазза қилдим, улкан маънавий озуқа олдим. 

Вилоят театрларида юқори кўтаринкилик билан ўтаётган ҳафталик доирасидаги тадбирлар ва спектакллар намойиши давом этмоқда. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари