Бухоро вилоятида фуқаролик жамияти институтлари соҳасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш ва соҳани янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун мулоқот майдони – “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”га старт берилди.
Ҳафталик доирасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
[gallery-26308]
Бугунги кунда вилоятда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Карлар жамияти, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ҳудудий бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур нодавлат нотижорат ташкилотлари Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан субсидия шаклида молиялаштирилмоқда. 2023-2025 йиллар давомида мазкур ташкилотларга 8 миллиард 363 миллион 45 минг сўм субсидия ажратилган. Бундан ташқари, Олий Мажлис Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грантларда мазкур нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз лойиҳалари билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.
– Иккинчи гуруҳ ногирониман, – дейди жондорлик Зарина Ҳақбердиева. – Уйда доим тўқиш билан шуғулланиб келаман. Бугунги кўргазмада ўзимнинг қўл меҳнати орқали тайёрлаган маҳсулотларимни олиб келдим. Бугунги кўргазмада кўплаб таниш ортирдим. Маҳсулотларимни кўпчилик харид қилди ва бундан хурсанд бўлдим.
Кўргазмада ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотлар савдоси ҳам бўлиб ўтди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.