Ассалому алайкум. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги виртуал мухбири сизларни ўтган ҳафтада содир бўлган муҳим воқеа ва ҳодисалар тафсилотлари билан таништиради.
Йигирма учинчи ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Тошкент ҳалқа йўли бўйида (Бектемир тумани) барпо этилаётган янги боққа кўчат экди. Ушбу кузги мавсумда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида саксон миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, баҳорда бир юз ўттиз саккиз миллион дона кўчат экилган эди.
***
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг раиси этиб сайланди. Шунингдек, Отабек Умаров Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Шерзод Ташматов раис ўринбосари ҳамда Ойбек Касимов Бош котиб лавозимига сайланди.
***
Йигирма саккизинчи ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этди.
Турдимов Эркинжон Оқбутаевич бошқа ишга ўтиши муносабати билан Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. Ҳисоб палатаси раиси лавозимида ишлаб келган Бобоев Адиз Музафарович Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
***
Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева давлат раҳбари томонидан маъқулланган аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилишга доир давлат дастури ҳақида маълумот берди.
Дастур миллий ва халқаро экспертлар жамоаси томонидан бир йилга яқин вақт давомидаги муҳокамалардан сўнг қабул қилинган, ҳужжатга халқаро клиник амалиётлар асос қилиб олинган. Эндиликда ўттиз ёшдан бошлаб аёллар ҳар ўн йилда инсон папилломаси вирусига тест топшириши, қирқ беш ёшдан олтмиш беш ёшгача эса ҳар икки йилда маммографиядан ўтиши керак бўлади.
***
Жанубий Кореянинг икки авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўяди.
Икки минг йигирма бешинчи йилдан бошлаб Жанубий Кореянинг “Jeju Air” ҳамда “T’way Air” авиакомпаниялари Инчхон—Тошкент йўналишида ҳафтасига тўрт марта парвозларни амалга оширади. Айни пайтда Жанубий Кореянинг фақатгиан Ациана Аирлинес авиакомпанияси Ўзбекистонга авиарейсларни йўлга қўйган. Кореан Аир эса шу йилнинг март ойидан Тошкентга парвозларни тўхтатган эди.
***
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан туркиялик мутахассислар гуруҳи жалб этилди.
Туркиялик мутахассислар иштирокида еттита йўналиш — бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш, тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва тизимни рақамлаштириш, шифохоналарда тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш, тиббий хизматларни режалаштириш, фармацевтикани ривожлантириш ва дори воситалари таъминоти, тиббий асбоб-ускуналар самарадорлигини ошириш, шошилинч ва тез тиббий ёрдамни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинади.
***
Бугунга етказмоқчи бўлган хабарларимиз шулардан иборат. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигини кузатишда давом этинг.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/71WspDA9CTk" title="Hafta dayjesti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>