Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳафта дайжести (18.11-24.11)
16:00 / 2024-11-25

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги виртуал мухбири сизларни ўтган ҳафтада содир бўлган муҳим воқеа ва ҳодисалар тафсилотлари билан таништиради.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tZRSJRIrsfU" title="Hafta dayjesti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Ўн саккизинчи ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркибдаги биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади. Исмоилов Нуриддин Мўйдинхонович Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига сайланди. Депутатлар Мавлуда Ходжаева ва Раҳимжон Ҳакимов Спикер ўринбосарлари этиб сайланди.

***

Янги таркибдаги Сенатнинг биринчи мажлиси ўн тўққизинчи ноябрь куни Тошкент шаҳрида чақирилди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Ўзбекистон Конституциясининг 101-моддасига мувофиқ, Президент Олий Мажлис Сенати Раиси лавозимига сенатор Танзила Нарбаева номзодини тақдим этди. Сенаторлар номзодни маъқуллаб овоз берди. Шундай қилиб, Танзила Нарбаева иккинчи бор Сенат Раиси лавозимига сайланди. Шунингдек, Сенат Раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Содиқ Сафоев, Сенат Раисининг ўринбосари лавозимига Аманбай Оринбаев сайланди.

***

Йигирманчи ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзодини кўрсатди. Депутатлар Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига маъқуллади. Эслатиб ўтамиз, Абдулла Арипов икки минг ўн олтинчи йилдан буён Бош вазир лавозимида ишлаб келмоқда.

***

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари тайинланди. Очилбой Раматов ҳамда Жамшид Хўжаев Бош вазир ўринбосарлари этиб, Жамшид Қўчқоров Бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири этиб ҳамда Зулайҳо Маҳкамова Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси этиб тайинланди. Шунингдек, йигирмата вазирликка вазирлар ҳам тайинланди. Бунда сайловгача бўлган вазирлар таркибида ўзгариш бўлмаган.

***

Икки минг йигирма бешинчи йил Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Мазкур таклифни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги мажлисда билдирди. Йиғилганлар ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватладилар. Ўзбекистон Ҳукумати йил номида белгиланган энг муҳим вазифалар бўйича давлат дастурини ишлаб чиқиши белгиланди.

***

Ўн саккизинчи ноябрь — Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан рекорд даражада — юз метр катталикдаги байроқ Хоразмдан Тошкент томон йўлга чиқди. Ўзбекистон байроғи бир неча кун давомида Хоразм Ичан Қалъаси, Бухоро Арки ва Самарқанддаги Регистон майдонида бир гуруҳ ҳарбийлар, ёшлар ва бошқа ўзбекистонликлар қўлларида ҳилпираб, пойтахт томон ҳаракатланди. Юз метрли байроқ ўн саккизинчи ноябрь куни ўзининг сўнгги йўналиши — Тошкентга етиб келди.

***

Бугунга етказмоқчи бўлган хабарларимиз шулардан иборат. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигини кузатишда давом этинг.