Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳафиза Эгамбердиева: “Сайланма”
10:03 / 2026-02-09

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб

Таниқли шоира Ҳафиза Эгамбердиеванинг “Томчилар таваллоси” номли “Сайланма”си Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.

“Сайланма”дан шоиранинг турли йилларда ёзган ижод маҳсуллари, шунингдек, ҳали ҳеч бир нашрда эълон қилинмаган янги шеърлари жой олган.

Ҳафиза Эгамбердиева ижоди билан шеърият ихлосмандларига яхши таниш шоира. Унинг ўзига хос услуб ва оҳангда битилган шеърларини ўқиркансиз, қалбингизда ҳаётнинг азиз ва қадрдон туйғулари жонланаётганини ҳис этиб қоласиз. Унинг шеърларида Ҳаётга, Ватанга муҳаббат яққол бўй кўрсатиб туради:

 

Қадим йўллар узра чорлар чанқовуз,

Дўмбира додини тинглаб чўкким тиз,

Сен олий неъматим, сен титратар сўз,

Бовурим деб суйган борлиғим, Ватан,

Пешонамга битган ёрлиғим, Ватан!

 

Кўнглим тоғ истади, йўлингни тутдим,

Кўнглим боғ истади, гулингни тутдинг,

Тиззалаб қолганда қўлимни тутдинг,

Бовурим деб суйган борлиғим, Ватан,

Пешонамга битган ёрлиғим, Ватан!

 

Қайда бўлсам ҳамки суюгим ўзинг,

Боз яна туғилсам, буюгим ўзинг,

Дил қонида ёзган туюғим ўзинг,

Бовурим деб суйган борлиғим, Ватан,

Пешонамга битган ёрлиғим, Ватан!

 

Мен бир фарзандингман кулсанг кулгувчи,

Ойдек тўлганингда ойдек тўлгувчи,

Тупроғингни суйиб, тупроқ бўлгувчи,

Бовурим деб суйган борлиғим, Ватан,

Пешонамда битган ёрлиғим, Ватан!

 

Қанча довонлардан ўтди истиқлол,

Байроғини баланд тутди  Истиқлол,

Жон юртим, жон элим топма ҳеч завол,

Бовурим деб суйган борлиғим, Ватан,

Пешонамга битган ёрлиғим, Ватан!

Ҳафиза Эгамбердиева шеърларида олмосдек намоён бўладиган тафаккур тарзи ва маҳорати билан ажралиб туради. Оддий воқеа-ҳодисаларни ўзига хос нозик пардаларда куйлайди, унинг қалами билан оҳангларга йўғрилган сўз қанот чиқариб баландларга парвоз қилади, ўқувчини ўзига майлиё айлайди. 

“Сайланма” – шоира ижодида меҳр, самимият ва ҳаётга ошиқлик қанчалар юксак ўрин тутажагига ёрқин далил.

Қувончлар қуйилиб келганда,

Фарёдлар бўғзимни тилганда,

Юракдан гапиргим келганда,

Сен менга ҳаётсан, ўз тилим, – дейди ўзбек тилини улуғлаб шоира.

Ҳазрат Алишер Навоий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Насимийга бағишланган шеърлари орқали шоира ижодига ипсиз боғланиб қолгандек бўласиз. “Момо Ҳаво, айт, қизларинг ташвиш учун келарларми? Исталган ва исталмаган турмуш учун келарларми?” дея бугунги ижтимоий ҳаёт муаммоларини таҳлил қилади бир қарасангиз у. Оддий ўзбек аёли, онаси ўлароқ, Она – ҳаёт сарчашмаси эканлигига энг аввало ўзини, сўнгра аёл зотини инонтирмоқчи бўлади. Шоиранинг “кирланган дунё”га қилган “муножот”лари қалбларда акс-садо бериши шубҳасиз.  

Унинг шеърларида инсоний дард, ёниқ муҳаббат устувор. 

Ҳафиза Эгамбердиеванинг “Томчилар таваллоси” номли “Сайланма”си, албатта, ўқинг...

А.Нарзуллоев, ЎзА