Австриянинг Вена шаҳрида “Муомаладан чиқарилган радиоактив манбаларни бошқариш бўйича қўлланманинг бажарилиши юзасидан давлатлар ўртасида маълумот алмашиш” масаласига бағишланган очиқ таркибдаги техник ва юридик экспертлар йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Халқаро атом энергияси агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда мазкур ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари, соҳада фаолият юритаётган халқаро мутахассислар ва экспертлар иштирок этяпти.
Унда Ўзбекистон номидан Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти масъул ходимлари Ойбек Муҳаммаджонов ва Дилшод Муҳаммадов қатнашиб, мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, миллий ҳуқуқий асослар ва мавжуд имкониятларни миллий тақдимот орқали намойиш этди.
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти масъул ходими Ойбек Муҳаммаджоновнинг таъкидлашича, мазкур тадбир ядро соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
–Йиғилишнинг асосий мақсади эса муомаладан чиқарилган радиоактив манбаларни хавфсиз бошқариш бўйича илғор тажрибаларни муҳокама қилиш, мавжуд ҳуқуқий ва техник ёндашувларни таҳлил этиш, шунингдек, ушбу йўналишда ахборот алмашинувини таъминлаш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришдан иборат. Йиғилиш ядро хавфсизлигини мустаҳкамлаш, радиоактив материалларнинг рухсатсиз муомаласига йўл қўймаслик ва уларни хавфсиз бошқариш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади, – деди у.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА