Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳабибахон она: “Шу кунларга, табаррук ёшларга етказганига шукр”
16:39 / 2022-10-05

Андижонда “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзry фазилат” шиори остида ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги” доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Нуронийларга, меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётир.

Марҳамат туманида ҳам ҳафталик доирасида тадбирлар ўтказилди. Туман ҳокимлиги, “Нуроний” уюшмаси туман бўлинмаси ташаббуси билан бир гуруҳ фаоллар, ўқувчи ёшлар Қўрғонча маҳалласи, Баҳористон кўчасида истиқомат қилаётган 101 ёшли Ҳабибахон она Колонова хонадонида бўлиб, табаррук онахоннинг суҳбатидан баҳраманд бўлди.

Анчагина тетик, сўзлари тиниқ онахон йўқловдан хурсанд бўлиб, меҳмонларга ўтмиш хотираларини сўзлаб берди.

– Ёшлик пайтимдаёқ елкамга кетмон илиб далага чиққанман, – дейди Ҳабибахон она ёшлик йилларини эслаб. – Чунки у пайтлар ниҳоятда оғир, инсон қадр-қиммати ҳақида ҳеч ким ўйламас эди. Болалик гашти нималигини билмай, катталар билан бир қаторда ғўза чопганмиз, ариқ тозалаганмиз. Фақат қорин тўйғазиш учун ишлардик. Колхозда ипак қурти боқиш, нимаики иш бўлса, бажарганмиз. Айниқса, уруш йилларини эсласам, кўзимга ёш келади. Қанча йигитлар урушга кетиб қайтмади, қанча ёш аёллар бева қолди. Ана шундай оғир даврларни фарзандларимиз ҳеч қачон кўрмасин, бугунгидай тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш керак.

Онахон бугунги тинч ҳаётимизга шукроналар келтириб, дуолар қилди.

– Шу кунларга, табаррук ёшларга етказганига шукр. Илоҳим, юртимиз тинч, ҳаётимиз янада фаровон бўлсин. Бугунгидай тинч, тўкин ва гўзал ҳаётимизга асло кўз тегмасин.

Фаоллар томонидан Ҳабибахон она Колоновага совға-саломлар топширилди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА