“Х” кучли танқид остида
Элон Маск раҳбарлигидаги “Х” (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғи Европа Иттифоқининг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуни (DSA) талабларини бузганликда айбланиб, расмий шикоятга учради. Бу ҳақда “Euronews” маълум қилмоқда.
Шикоятни “EDRi”, “AI Forensics” ва “CDT Europe” каби фуқаролик жамияти ташкилотлари тақдим этган. Улар платформани фойдаланувчиларнинг сиёсий қарашлари, диний эътиқодлари, соғлигига оид шахсий маълумотлардан фойдаланган ҳолда реклама хизматларини кўрсатганликда айбламоқда.
“AI Forensics”нинг таҳлилига кўра, йирик компаниялар, жумладан “Total Energies” ва “McDonald’s” айнан шу каби реклама амалиётларидан фойдаланган.
ЕИ қонунчилиги бундай турдаги, яъни махсус тоифадаги шахсий маълумотларга асосланган рекламани қатъиян ман этади.
Маълумот ўрнида, Еврокомиссия 2023 йил декабрь ойида “Х” платформасига нисбатан расмий тергов бошлаган бўлиб, мазкур жараён ҳануз давом этмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА