Гвинеяда 40 та сиёсий партия фаолияти тугатилди
Гвинея ҳукумати мамлакатдаги 40 та сиёсий партия фаолиятини расман тўхтатди. Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Таъкидланишича, мамлакат Ҳудудий бошқарув ва марказлаштириш вазирлиги қарорига мувофиқ, партиялар марказий ва маҳаллий идоралари ёпилади, шунингдек, мазкур бирлашмалар рамзи, қисқартмаси ва бошқа белгиларидан фойдаланиш тақиқланади.
Вазирлик қарорига кўра, мазкур партиялар молиявий ҳисоботларни тақдим этиш мажбуриятини бажармаган. Бироқ фаолияти тугатилган бир қатор сиёсий партиялар бу айбловларни рад этиб, барча талабларни бажарганини билдирмоқда.
Табиий ресурслар, жумладан боксит ва темир рудаси захирасига бой бўлган ўлкада парламент сайлови шу йил май ойида ўтказилиши кутилмоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА