Гвинея-Бисау Президенти ҳузуридаги ҳарбий бошқарма раҳбари Денис Н'Кань бир гуруҳ зобитлар билан бирга берган баёнотида ҳокимият тўлиқ қўлга киритилганини эълон қилди.
"Тартибни тиклаш учун тузилган энг юқори ҳарбий қўмондонлик" дея аталган гуруҳ кейинги буйруқни қабул қилишдан олдин бутун мамлакат устидан назоратни қўлга олганини билдирди.
Баёнотда таъкидланишича, давом этаётган сайлов жараёнини тўхтатиб туриш ва мамлакат чегараларини ёпиш тўғрисида қарор чиқарилган. Франциянинг "Jeune Afrique" янгиликлар сайти Президент Умаро Сиссоко Эмбало билан боғланишга муваффақ бўлгани ҳақида ёзди. Маълумотга кўра, Эмбало ўз иш хонасида сақланади ва бу ҳаракат ортида қуруқлик қўшини қўмондони туради.
Маълумки, мамлакатда 23 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловдан сўнг президентликка ҳар икки номзод ўз ғалабасини эълон қилган. Эмбало жамоаси Гвинея-Бисау шаҳрида бўлиб ўтган парламент ва президентлик сайлови расмий натижаси эълон қилинишидан олдинроқ, ўз ҳисоб-китобига кўра, 65 фоиз овоз тўплаганини айтди. Асосий рақиб, мустақил номзод Фернандо Диаз да Коста ҳам ўз ғалабасини эълон қилди. Айни пайт Умаро Сиссоко Эмбало асосий мухолиф партия етакчиси Домингуш Симоэш Перейранинг номзодлигига тўсқинлик қилишда айбланган.
Мамлакатнинг энг муҳим сиёсий партияларидан бири бўлган Гвинея ва Кабо-Верде Африка мустақиллиги партияси (PAIGC) раҳбари Перейра номзодлар рўйхатига кира олмагач, Диас да Костани қўллаб-қувватлашини эълон қилганди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, Ғарбий Африкада жойлашган Гвинея-Бисау 1974 йил Португалиядан ажралиб чиқиб, мустақилликка эришган. Шундан буён камида 12 бор тўнтариш ёки инқилобга уринишни бошидан кечирган. Жанубда Гвинея, шимолда Сенегал билан чегарадош. Дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлар қаторига киради.
Атлантика соҳилидаги бу кичик юрт Лотин Америкаси гиёҳванд моддаларини Европага олиб келишда муҳим воситачи ҳудуд ҳисобланади. Географик жойлашуви ва қонунчиликдаги бўшлиқлар туфайли гиёҳванд моддалар савдогарлари учун жуда қулай йўлга айланган Гвинея-Бисауни норасмий тарзда "гиёҳванд моддалар давлати" деб ҳам аташади.
Г.Сатторова, ЎзА