Қорақалпоғистон Республикасида Қизил китобга киритилган ўсимликни ноқонуний равишда олиб кетаётган шахс гвардиячилар томонидан қўлга олинди.
Текширув давомида Тўрткўл тумани "Оққамиш" ҳудудида фуқаро Р.О давлат томонидан муҳофаза қилинадиган саксовул ўсимлигини тегишли рухсатномаларсиз кесиб, ўзига тегишли бўлган Mercedes Benz 208 русумли юк машинасида олиб кетаётгани аниқланди.
Мазкур ҳолат атроф-муҳитга жиддий зарар етказиши, чўл ҳудудларининг экологик мувозанатини бузиши билан хавфли ҳисобланади. Саксовул ўсимлиги қум кўчишини олдини олиш, тупроқни мустаҳкамлаш ва биологик хилма-хилликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли унинг ноқонуний кесилиши ва олиб кетилиши қонун билан қатъиян тақиқланган.
Ҳолат юзасидан қонуний чоралар кўрилиб, фуқаронинг ҳаракатларига нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 79-моддасининг 1-қисмига асосан, БҲМ нинг 25 баробарида жами 10 300 000 (ўн миллион уч юз минг) сўм жарима ва табиатга етказилган зарарни қоплаш учун жами 576 800 (беш юз етмиш олти минг саккиз юз) сўм миқдорида даъво суммаси ҳисобланди.
Мутасадди идоралар фуқароларни табиат бойликларини асраш ва "Қизил китоб" га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказмасликка чақиради.
Н. Раҳмонова, ЎзА