Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича тендерда иштирок этишга 12 та халқаро компания қизиқиш билдирди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Энергетика вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Эльмира Бекмуродованинг маълум қилишича, Ғузор қуёш фотоэлектр станциясини (ҚФЭС) қуриш лойиҳаси юзасидан мустақил электр энергияси ишлаб чиқарувчилар учун тендернинг биринчи босқичи бошланган. Бу ҳақдаги эълонга жавобан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига халқаро компаниялардан 12 та ариза келиб тушган.
–Лойиҳа Осиё тараққиёт банки кўмагида Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилмоқда, – деди Э.Бекмуродова. – Лойиҳа Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қуввати 300 мегаваттгача бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуришни назарда тутади. Тендер жараёни энг юқори халқаро стандартлар ҳамда очиқлик ва шаффофлик талабларига мувофиқ ўтказилади. Тендерда иштирок этишни хоҳловчиларнинг барчаси учун очиқ киришда малака сўрови тақдим этилди. Тендер комиссияси иштирокчилардан таклифлар келиб тушгандан сўнг қабул қилинган таклифларнинг тўлиқлиги ва мақсадга мувофиқлигини баҳолайди. Шундан кейин малакали иштирокчиларнинг “қисқа рўйхати” эълон қилинади, улар кейинчалик тендернинг иккинчи босқичига қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, аризаларини топширганлар рўйхатида “Abu Dhabi Future Energy Company PJSC- Masdar”, “Alcazar Energy”, “China Huadian Engineering”, “Concord New Energy Group”, “GD Power” каби компаниялар бор.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА