Гутерриш ва Эрдоған Львовга етиб келишди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Украина ва Туркия Президентлари Владимир Зеленский ва Режеп Таййип Эрдоған билан учрашиш учун Львовда бўлиб турибди. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар берди.
Бош котиб бугун Львов университетига ташриф буюрди.
“Фуқаролик жамияти ва илмий институтларнинг ҳиссаси замонавий демократия ривожи учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур таълим муассаси ҳам бу муҳим ишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, БМТ низомини яратишда университет вакилларидан бири иштирок этган. Айнан бу дорилфунунда низомнинг асосий тамойиллари муҳокама қилинган”, деди Гутерриш.
Шунингдек, бугун Эрдоған ҳам Польшанинг Жешув шаҳри орқали автомобилда Львовга етиб келди. Аввал қадимги Потоцких қалъасида унинг Зеленский билан учрашуви бўлиб ўтади.
Шундан кейин БМТ Бош котиби ҳамда Украина ва Туркия Президентлари бир даврада музокаралар олиб боришади.