Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гусейн ГУЛИЕВ: Ислоҳотлар Ўзбекистонни дунёга танитмоқда
17:32 / 2023-08-22

Ўзбек ва озар халқларининг ўзаро дўстлик алоқалари чуқур тарихий илдизларга эга бўлиб, кўп асрлик маданий ва маънавий қадриятлар, анъаналар ва тарихнинг ўзаро уйғунлашувига таянади. Бугунги кунда ушбу азалий ва яқин ришталар икки давлат ўртасида мустаҳкам ишонч ва юксак ҳурматга асосланган ўзаро манфаатли ҳамда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар янги динамика ва мазмунга эга бўлиб бормоқда. Юқори даражадаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашмоқда.  

Буни Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги  Фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев ҳам алоҳида эътироф этди.    

– Бугунги кунда Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида стратегик ҳамкорлик алоқалари юксак даражага кўтарилган. Айни жараён турли даражадаги икки томонлама шартномалар асосида амалга оширилмоқда.  

Давлатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг асосини маданий-гуманитар ва иқтисодий муносабатлар ташкил этади. Ўзбеклар ва озарбайжонлар ўртасидаги қардошлик ришталари тобора мустаҳкамланади.  

Биз Ўзбекистон ташқи сиёсат идорасидаги ҳамкасбларимиз билан ўзаро ишонч асосида самарали фаолият юритиб келяпмиз. Мақсадимиз, биринчи навбатда, Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги абадий дўстлик ва ўзаро ишончни  янада чуқурлаштиришдир. Шундан келиб чиқиб, аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялардаги ҳамкасбларимиз билан бирга умумий манфаатларга жавоб берадиган барча соҳаларда қулай шарт-шароит яратиш бўйича биргаликда ишлаяпмиз.  

Айни пайтда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ миқёсида умумий мақсад йўлида амалга оширилаётган қўшма ҳудудий лойиҳаларда иштирок этаётган мутахассисларимиз ўртасида ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу Ўзбекистон ва Озарбайжон дипломатияси учун катта ютуқ ҳисобланади.  

Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатлараро муносабатлари чуқур тарихий илдизларга, ягона дин, миллий анъаналар, тил ва маданият яқинлигига  бориб тақалади.  

Шуни ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга илк ташрифи, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан самимият ва ишонч руҳига йўғрилган учрашуви ўзаро алоқаларнинг ҳозирги босқичидаги янада илиқ, яқин муносабатнинг асосий омили бўлиб хизмат қилмоқда.  

Туркий тилли давлатлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги Нахичеван битими имзоланганига ўн йил тўлганда Ўзбекистоннинг ушбу тузилмага аъзо бўлиб киришида ҳам рамзий маъно бор. Мазкур воқеа халқларимиз ўртасидаги алоқаларни, ўзаро манфаатли ҳамкорликни иқтисодиётнинг барча соҳаларида янги босқичга кўтарди.  

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга, Туркий Кенгаш (Туркий  давлатлар ташкилоти) VII саммитида иштирок этиш учун ташриф буюриши ва Президент Илҳом Алиев билан учрашиши, ўйлайманки, энг аввало, Туркий дунё тарихида муҳим воқеа бўлди. Бунинг аҳамиятини англаш учун ўзбеклар ва озарбайжонлар ўртасидаги қардошлик алоқасига оид тарихий фактларга эътибор қаратиш лозим.  

Эътиборингизни ТДТ фаолиятига қаратмоқчиман. Ўзбекистон, ушбу ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида, мавжуд салоҳиятдан халқи равнақи йўлида фойдаланиш бўйича ўз маънавий-ахлоқий ҳуқуқини аниқ белгилаб олиб, ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирган.  

ТДТ доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳозирги келишувларнинг молиявий миқдори бир неча миллиард долларни ташкил этади ва бу амалга оширилаётган лойиҳаларнинг бир қисми, холос. Кўп томонлама алоқаларнинг иқтисодий жиҳатини кенгайтириш дунёдаги сиёсий, иқтисодий силсилаларга қарши барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.  

Ўйлайманки, мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракати халқларимиз биргаликда янги марраларни ўзлаштиришига кучли туртки беради ва бу бошқа мамлакатлар учун ижобий намуна бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда, Илҳом Алиев ТДТ саммити доирасида айтганидек, бу масалада Ўзбекистон муҳим ўрин эгаллайди.  

Ўзбекистон сиёсати мамлакатда, умуман минтақада тинчлик ва осойишталикни сақлашга кўмаклашади. Қардош халқлар билан яқинлашишга қаратилган узоқни кўзловчи, оқилона стратегия бутун дунёда мамлакатнинг ҳақиқий прагматик ва ниҳоятда хайрихоҳлик руҳидаги ташқи сиёсати сифатида тан олинмоқда. Жаҳон ҳамжамияти томонидан ушбу воқелик ўзбек дипломатиясининг ўзига хос услуби, дея қабул қилинмоқда.  

Ўзбекистонни ҳақли равишда Марказий Осиёнинг юраги, дейиш мумкин. Зеро, ушбу серқуёш ўлка тарихий Туроннинг қоқ марказида жойлашган. Мен бир неча бор мамнуният билан таъкидлаганман: Марказий Осиёда ҳеч бир масала, минтақадаги асосий мамлакат сифатида Ўзбекистон иштирокисиз ҳал қилинмайди.  

Ҳозирги ўзбек халқи қадим маданият, буюк Турон цивилизациясининг  ҳуқуқий вориси ва ташувчиси ҳисобланади. Ўзбеклар – жаҳон миқёсидаги кўплаб буюк шахслар, арбоблар авлоди. Улар ўз меҳнати билан буюк салтанатлар барпо этган, бир неча минг йилликлар давомида олим-у тадқиқотчиларнинг ажойиб мактабини қўллаб-қувватлаган, рағбатлантирган. Шарқнинг буюк қомусий олимлари, жаҳонга машҳур мутафаккирлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Урганч, Фарғона водийсида туғилиб ўсган, тарбияланган. Жуғрофий нуқтаи назардан, ўзбек давлатчилиги шаклланишига доир кўп асрлик тарихий жараён ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига тўғри келади.  

Мамлакатда давлат ҳокимияти таркибида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда, буни сезмаслик мумкин эмас. Фуқаролар ҳаёти ва фаолиятида, турмушида янгиланишлар содир бўлмоқда.  

Деярли, барча соҳаларда юз бераётган туб ўзгаришлар бевосита давлат раҳбари ташаббуслари билан боғлиқ. Давлат раҳбари Янги Ўзбекистон сиёсатининг бош ғоясини  “Миллий уйғонишдан миллий тараққиёт сари” дея аниқ белгилаб берган.

Замонавий, ривожланган мамлакатга айланиш йўлидаги интилиш кундалик ҳаётда ҳам акс этмоқда. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон жаҳон майдонида мутлақо янги қиёфада, иқтисодиёти жадал ривожланаётган, эркин, барқарор ва демократик мамлакат сифатида намоён бўлмоқда. Президентимиз ташаббусига кўра, минтақавий ва давлат миқёсидаги масалаларни ҳал қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар қилинди.  

Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан муносабатни яхшилаш учун қатор чоралар кўрди, минтақа давлатлари раҳбарлари билан кўплаб учрашувлар уюштирди. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг қўшни Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқалари жадаллашди. Айни ташаббуслар ортидан бошланган тадбирлар  республиканинг жаҳон майдонидаги нуфузини сезиларли равишда оширди. Ушбу миссия натижасида минтақада тинчлик сақланиб турибди.  

Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги сиёсий жонланиш жиддий, янгича илғор ҳаракат сифатида намоён бўлди. Аслида, тинчлик, ҳамжиҳатликсиз бунга эришиб бўлмайди. Шу сабабли мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида асосий ва бош омил сифатида тинчликсеварлик танланган. Зеро, бу ўлкада миллий мустақиллик ғояси миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенглик тамойилига таянган.  

Ўзбекистон раҳбарияти жаҳон ҳамжамияти эътиборига мамлакат ташқи сиёсатига сингдирилган мантиқий концептуаллашув моҳиятини етказа олди. Эндиликда мамлакат изчиллик билан ва режали равишда минтақада дўстона, кўп томонлама ишончга асосланган муҳит яратиш устида иш олиб бормоқда.  

Маълумки, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси сергаклик ва холислик билан дунёнинг ҳар қандай мамлакатига нисбатан у ёки бу масала бўйича расмий муносабат билдириб келади. Ушбу позицияни тўғри англаш учун халқаро ҳуқуқнинг ижодкори ва субъекти муайян миллат эмас, балки давлат эканини тушуниш ва бунга қўшилиш керак.  

Жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган суверен давлат тушунчаси расмий Тошкент учун муқаддас ҳисобланади. Сиёсий ёндашувнинг айни ифодаси жаҳон ҳамжамияти томонидан бир неча марта ошкора тан олинган.  

Ўзбекистоннинг Озарбайжон ҳудудий яхлитлиги масаласи бўйича алоҳида фикри ҳақли равишда озарбайжон халқида чуқур ҳурмат туйғусини уйғотди. Ушбу масалага принципиал ёндашув туфайли Ўзбекистон бутун турк дунёси олдида сўзсиз сиёсий обрў қозонди.  

Озарбайжонликлар ҳам Ўзбекистон билан дўстлик, қардошлик масаласига муҳим эътибор қаратиб келган. Ўзбек халқининг олижаноблигини дунё азалдан билади, аммо бизда миннатдорчилик учун алоҳида сабаб мавжуд. Ахир, халқимиз бошига тушган қайғули, ғамгин кунларда, жуда оғир бир даврда ўзбек халқи биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзгани, қатъият билан ҳақиқат томонида турганини қандай унутиш мумкин?!  

Ҳар гал имконият туғилиши билан қардош Ўзбекистон халқига гуллаб-яшнаш, равнақ топиш, фаровонлик, мусаффо осмон остида яшашни тилашдан чарчамайман. Бу Ватан ҳамиша мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, қардошлик ғояларига содиқлик, муҳими, донишмандлик  рамзи, намунаси бўлиб келган.  

Тарих шундай гувоҳлик берадики, юқорида санаб ўтилган жиҳатлар ўзбек халқига порлоқ келажак учун мудом ягона тўғри йўлни танлаш имконини беради. Халқларимизга янада фаровонлик тилайман. Кўп асрлик дўстлигимиз, қардошлигимиз абадий бўлсин!  

ЎзА мухбири Ғайрат Хонназаров ёзиб олди