1992 йилнинг 10 декабрида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қонун қабул қилинди. Бугун Бухоро вилоятида мадҳиямиз қабул қилинган кун кенг нишонланмоқда.
Сана муносабати билан Бухоро шаҳридаги “Абу Хафс Кабир” зиёратгоҳида мадҳиямизнинг мусиқасини басталаган буюк композитор Мутаваккил Бурҳонов қабрига гул қўйиш маросими ўтказилди. Маросимда Бухоро вилояти ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят ва шаҳар бўлими, олий таълим муассасалари, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, сабр-тоқат ва фидокорликка, ташаббускорлик ва курашга чақиради, миллий ғурурни уйғотади. Мадҳиямиз байрамлар, сиёсий чиқишлар, спорт анжуманлари, расмий давлат қабуллари, аҳамиятли митинглар, турли давлат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш маросимлари ҳамда қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда ижро этилиб, давлат суверенитетига эътиқод ва ҳурматни ифода этади.

– Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир, – дейди Бухоро педагогика институти ректори, профессор Баҳодир Маъмуров.

Тадбирда Мутал Бурҳоновнинг уй музейига ҳам саёҳат ташкил этилди. Уй-музей Бухоро давлат бадиий меъморчилик музей-қўриқхонасининг филиали мақомида ташкил этилган бўлиб, бу ерда бастакор ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ икки мингдан ортиқ фото суратлар, турли ҳужжатлар, мусиқа асбоблари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари жамланган.
2018 йилда ташкил этилган уй-музейда бастакорнинг болалик йилларини акс эттирувчи фотосуратлар, чолғу асбоблари, эсдалик совғалар, китоблар, ҳужжатлар, шунингдек, мадҳиянинг ноталари билан ёзилган нусхаси, унинг ижодини эътироф этиб тақдирланган орден ва медаллар, давлат мукофотлар ўрин олган.

Музей “Мутал Бурҳонов умр йўли”, “Бастакор ижод хонаси”, “Эътироф, эҳтиром”, “Мусиқа тарихи” каби бўлимлардан иборат. Уй-музейида Марказий Осиёда мусиқа санъати ривожланишига оид ҳужжатлар, ХVIII асрда Бухорода шаклланган “Шашмақом”нинг дастлабки нотага солиниши, у билан боғлиқ илк тадқиқотлар, Ўзбекистон мадҳияси мусиқасининг яратилиш жараёни акс этган лавҳалар кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз.
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон.
Яшнагай тоабад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин, токи бор жаҳон.
Шундай сатрлар билан бошланувчи мадҳиямиз янграб, байроғимиз бошимиз узра ҳилпираганда, озод Ватанимизга нисбатан қалбимизнинг туб-тубида ғурур пайдо бўлади. Ҳурмат-эътибор кучаяди, фахр-ифтихор ҳисси жўш уради. Бу муаззам садо шижоатли халқимизнинг руҳига руҳ, кучига куч бағишлаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига даъват этади.


Сана муносабати билан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларда, корхона, ташкилотларда, таълим муассасаларда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ҳар тонгни мадҳия садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради. Демак истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.