Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулхан атрофида ёшлар иқтидори юзага чиқди
16:01 / 2025-10-16

Сирдарё вилояти Ёшлар маркази ҳовлисида ёрқин хотираларга бой, ижодий руҳда ўтган “Ёшлар оқшоми” тадбири ёшларнинг очилмаган қирраларини намоён этди.

Тадбир вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан, Ёшлар агентлигининг Гулистон шаҳар бўлими, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Гулистон давлат университети ва Гулистон давлат педагогика институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кеча гулхан атрофидаги самимий суҳбатлар, мусиқий дастурлар ва ижодий чиқишлар билан бошланди. Ёшлар бир-бирининг ижодини тинглашди, янги ғоялар билан ўртоқлашишди, бир соатга бўлса-да, ижод ва илҳом оламида бирлашдилар.

Дастлаб Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Мирқодир Саъдуллаев ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади. Ёшлар томонидан билдирилган энг қизиқарли ғоялардан бири — “Ёшлар оқшоми”ни мунтазам равишда ўтказиш таклифи бўлди. Бу ташаббус ижобий қўллаб-қувватланиб, энди бундай ижодий кечалар ҳар ҳафта ташкил этиладиган бўлди.

–  Бу фақатгина дам олиш ёки кўнгилочар кеча эмас. Бу — ёшлар бир-бирини тинглайдиган, ғояларини баҳам кўрадиган ва янги имкониятларга йўл очадиган маконга айланиши лозим,  – деди Мирқодир Саъдуллаев.

Учрашув якунида гулхан атрофидаги ижодий чиқишлар, қўшиқлар ва мусиқий куйлар кечага ўзига хос файз бағишлади. Қўлларда гитара, юзларда табассум, дилларда эса илҳом — ана шундай муҳитда ёшлар қалбида янги орзулар ва янги режалар туғилади.

Кечанинг илҳомли кайфияти, ёшлар орасидаги бирдамлик ва дўстона муҳит уларнинг эртанги кундаги фаоллиги ҳамда ижтимоий ҳаётдаги иштирокига янги туртки берди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири