“Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра 2021 йилдан бошлаб давлат ОТМлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий қилинган эди. Қарорда грант бўйича харажатлар давлат бюджетидан қопланиши кўзда тутилган.
2023-2024 ўқув йили учун ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти танловида 54 нафар даъвогар қатнашиб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра, уларнинг 25 нафари ғолиб деб топилди.
- Қувонарлиси, ғолиблар сафида Бухоро давлат педагогика институти тиллар факультети талабаси Гулрухсор Жумаева Бухоро вилоятидаги олий таълим муассасалари талабалари ичида ягона Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти соҳибасига айланди, - дейди институт ректори Баҳодир Маъмуров. Шунингдек, Гулрухсор ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олса, бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.
Шу муносабат билан у институт раҳбарияти томонидан пул мукофоти ҳамда ташаккурнома билан рағбатлантирилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.