Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулноза Исмоилова: Президент Мурожаатномаси – етук ислоҳотчилик кун тартибининг яна бир йирик сиёсий манифести
10:08 / 2025-12-30

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламент ва халқимизга Мурожаатномаси глобал беқарорлик, технологик ўзгаришлар ва жаҳон иқтисодиёти трансформацияси шароитида давлат ривожланишининг муҳим йўналишларини белгилаб берган дастурий ҳужжат бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмоилова шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:  

– Мурожаатноманинг асосий ғояси – инсон ва унинг салоҳиятига устуворлик бериш. Президент таъкидлайдики, иқтисодий ўсиш, камбағалликни камайтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш фуқароларнинг билим, кўникма ва касбий ҳаракатчанлигига сармоя киритмасдан имконсиз. 

Мурожаатномада келтирилган рақамлар – камбағаллик даражасининг пасайиши, бандликнинг ўсиши, таълим ва касбий тайёргарликдан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши – ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар барқарор натижа бера бошлаганидан далолат беради. Бироқ, сиёсий «мессеж» янада теранроқ: давлат нафақат иш ўринларини яратиш, балки бу иш ўринларини тўлдирадиган инсон капиталининг сифати учун ҳам масъулиятни ўз зиммасига олмоқда. 

Меҳнат бозори келажагига бағишланган қисми алоҳида эътиборга лойиқ. Президент амалда тан олмоқда: анъанавий бандлик моделлари эскирмоқда. Сунъий интеллект, автоматлаштириш ва рақамли технологиялар нафақат алоҳида касбларни, балки иқтисодий жараёнларнинг моҳиятини ҳам ўзгартирмоқда. 

Шу нуқтаи назардан, яқин йилларда касбларнинг катта қисми автоматлаштирилиши ҳақидаги баёнот огоҳлантириш эмас, балки ҳаракатга даъватдир. Давлат ечимни таклиф қилмоқда: таълим, технологиялар ва малакалар ягона тизим сифатида ишлайдиган меҳнат бозорининг янги меъморчилигини шакллантириш.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси учун бу айнан шундай шароитлар учун кадрлар тайёрлашга эътиборни кучайтириш – фанлараро муҳитда ишлай оладиган, янги технологияларни ўзлаштира оладиган ва нафақат миллий, балки глобал миқёсда ҳам рақобатбардош бўла оладиган мутахассисларни етиштириш демак. 

Ахборот технологиялари (АТ), сунъий интеллект ва юқори технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши муҳим сиёсий аҳамиятга эга. Мурожаатномада технологик ривожланиш нафақат иқтисодиёт, балки суверенитет масаласи экани аниқ кўриниб турибди. 

Давлат хизматларини рақамлаштириш, бошқарувга сунъий интеллектни жорий этиш, бюрократияни камайтириш – булар инсонга, шаффофлик ва самарадорликка йўналтирилган давлатнинг янги модели унсурлари. Аммо, бу жараёнларни технологияни назарий жиҳатдан эмас, балки амалий жиҳатдан тушунадиган кадрларсиз амалга ошириб бўлмайди. 

«Эл-юрт умиди» жамғармаси бугунги кунда ахборот технологияли, катта маълумотлар базалари билан ишлаш (data science), сунъий интеллект, муҳандислик ва рақамли бошқарув соҳасидаги ёш мутахассисларни етакчи хорижий университетларда ўқитишни қўллаб-қувватлаш орқали ушбу муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшмоқда. Бу тарқоқ ташаббуслар эмас, балки технологик давлатнинг кадрлар пойдеворини шакллантиришга қўшилган ҳисса.

Мурожаатноманинг муҳим сиёсий сигнали – коррупцияга қарши курашга кампания эмас, тизимли вазифа сифатида қаралмоқда. Президент рақамли воситалар, шаффоф тартиб-қоидалар ва давлат хизматини профессионаллаштиришга урғу бермоқда. Халқаро маълумот, замонавий бошқарув кўникмалари ва масъулият ахлоқига эга кадрлар бундай ўзгаришларнинг асосий ресурси бўлиб қолмоқда. 

Айнан шу ерда «Эл-юрт умиди» жамғармасининг роли таълим функциясидан ташқарига чиқади. Жамғарма давлатнинг коррупцияга қарши сиёсатининг компетентлик, очиқлик ва ҳисобдорликка асосланган янги бошқарув маданиятини шакллантириш унсурига айланади.  

Мурожаатнома, шунингдек, таълим «юмшоқ куч» воситаси ва Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим қисмига айланаётганини тасдиқлайди. Нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорлик, шу жумладан, Япониянинг Цукуба университети билан лойиҳалар нафақат академик ташаббуслар, балки давлат келажаги учун стратегик инвестициядир.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси учун бу академик дипломатиянинг ролини кенгайтиришни англатади: узоқ муддатли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади, қўшма дастурлар ва билимларни узатиш механизмлари шакллантирилади. Булар мамлакатга ислоҳотлар, инновациялар ва янги бошқарув қарорлари кўринишида қайтади.

Умуман олганда, Президент Мурожаатномасини етук ислоҳотчилик кун тартибининг яна бир йирик сиёсий манифести, деб баҳолаш мумкин. Асосий эътибор нафақат ўзгаришларга мослаша оладиган, балки уларни шакллантира оладиган билимлар, технологиялар ва инсонларга қаратилмоқда.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси Президент белгилаган асосий соҳалар: ахборот технологиялари, сунъий интеллект, фан, тиббиёт, коинот, давлат бошқаруви ва инновацион иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш орқали ўз вазифасини ушбу устувор йўналишларни амалда жорий этишда кўради. 

Умуман айтганда, таълим ва инсон салоҳияти уйғунлигида келажакка ишонч билан қарайдиган ва жаҳон миқёсида муносиб ўрин эгаллашга қодир бўлган Янги Ўзбекистон шаклланмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА