Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Таниқли мусаввир ва адиба Гулнора Раҳмоннинг “Ёлғиз йўловчи” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан адибанинг “Қора шарпанинг ўлими”, “Янги йил оқшоми”, Биргина кўрсам эди”, “Умидли дунё” каби бир қатор сара ҳикоялари жой олган.
Гулнора Раҳмон – энг аввало, мусаввир. Чизган картиналарида адабий бўёқлар устуворлиги яққол кўриниб туриши шундан. Ҳикояларининг кўнгилга яқинлиги, илк сатрлариданоқ “жиз” этиб қалбингизни ёндириши ҳам шундан. Образлар – қаҳрамонлар ҳаёти, феъл-атвори табиий, воқеалар ишончли, ҳаққоний акс этган.
Энг муҳими, адиба қаҳрамонлари ҳаётини меҳр билан тасвирлайди. Сиз уларни бир қарашда танийсиз – шундай ён-атрофингизда юрган, яшаётган замондошлар – бугунги кун одамлари.
Ҳикоялар шуни кўрсатадики, адибанинг ўз услуби бор. Буни мутолаа жараёнида тезда илғайсиз. Унинг ютуқларидан яна бири – мураккаб фалсафий фикрларни ҳам содда, юракка яқин тарзда ифодалай олади ва бу ўқувчига маъқул бўлади.
Китобга атоқли адабиётшунос Қозоқбой Йўлдош сўзбоши ёзган.
Унда шундай эътиророфлар бор:
“Бу ҳикоялар ғоят қизиқарли сюжети ҳамда тасвирдаги самимияти туфайли ўқирман эътиборини тортиб, дарров унинг кўнглидан жой олади...
Китобга кирган кўпчилик ҳикояларнинг қаҳрамонлари кўнгли тўғри, нияти эзгу ва интилишида собит бўлгани боис ўқувчи муҳаббатини қозонади. Кўнгиллари тозалиги, ёмонликка қўл бера олмаслиги ва енгишларга элтувчи йўл, албатта, ҳаётий қийинчилик ва синовлар орқали ўтишини билган мазкур қаҳрамонлар ўзларининг жозибаси билан киши қалбини забт этади”...
Зукко сингчи Қозоқбой Йўлдошнинг бу фикрлари ўқувчини ҳикояларни бир-бир ўқиб чиқишга даъват этади...
Гулнора Раҳмоннинг “Ёлғиз йўловчи” номли ҳикоялар тўпламини, албатта, ўқинг.
ЎзА