Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Улоч МФЙ Қани қишлоғида жойлашган “Гулнора” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бир неча йиллардан буён фаолият кўрсатмай келаётганди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан 2022 йилдан бошлаб оромгоҳни қайта таъмирлашга киришилди. Уч йил давомида қарийб 4 гектарга яқин майдонни эгаллаган оромгоҳ ҳудудида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Ниҳоят жорий йилнинг биринчи мавсуми олдидан оромгоҳ яна болажонларни ўз бағрига чорлай бошлади.
Объектнинг тантанали очилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари, туман ҳокимлиги ва бошқалар иштирок этиб, у ерда яратилган шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишди.
[gallery-23826]
Хусусан, бир навбатда 200 нафар бола қабул қилиш қувватига эга оромгоҳда айни пайтда 160 нафарга яқин болажон маза қилиб маданий ҳордиқ чиқармоқда. Шинам ётоқхоналар, барча шароитларга эга кенг ошхона, соя салқин жойда ташкил қилинган, аттракционларга бой ўйингоҳлар улар ихтиёрида.
Дам олувчиларнинг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида турли хил тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Ташкил этилаётган танловлар, интеллектуал ўйинлар болаларнинг маънавий салоҳиятини ошишига хизмат қилмоқда.
Айтганча, оромгоҳнинг фойдаланишга топширилиши натижасида 8 та янги иш ўрни ҳам яратилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари