Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гуллола Нодирхонова: “Глобал тўқимачилик ҳафталиги “долзарб 100 кунлик” чора-тадбирлар ижроси билан боғлиқ"
18:08 / 2025-09-04

Юртимиз тўқимачилик саноати иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини ҳисобланади.  Шу сабабли, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро бозорларда нуфузини ошириш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 9-11 сентябрь кунлари пойтахтимизда ташкил этиладиган “Global Textile Days” – глобал тўқимачилик ҳафталиги ҳам бу жараёнда амалий аҳамиятга эга. Бу тадбир мамлакатнинг кузги 30-кўргазма мавсумини очиб, тўқимачилик, тикиш ва трикотаж соҳасидаги энг сўнгги технологиялар ва ишланмаларни намойиш этади ҳамда халқаро ҳамкорлик имкониятларини тақдим қилади.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компаниясининг CAITME кўргазмаси лойиҳа директори Гуллола Нодирхонова мазкур нуфузли тадбир аҳамияти, ташкил этиш жараёнлари ва иштирокчилар ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди: 

– Бугун компаниямизда ташкил этилган матбуот анжуманида мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим бўлган мазкур кўргазмалар ҳақида батафсил маълумот бердик. Негаки, бу маҳаллий тадбиркорларимиз фаолияти ва уларнинг юқори натижаларга эришиши учун катта имконият эканини жамоатчиликка етказиш мақсад қилинди. 

[gallery-25168]

Ҳамкасбларим айтганидек, Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида ўтказиладиган “Global Textile Days” учта муҳим воқеадан иборат: бу – “CAITME 2025”, “TextileExpo Uzbekistan 2025” ва бизнес дастуридир.  Қўшма экспозицияда 22 та мамлакатдан 250 дан ортиқ компания ва брендлар қатнашади.

Яқинда Президентимиз бошчилигида тўқимачилик соҳасидаги муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўлларига бағишланган муҳим йиғилиш ўтказилди. Ҳозир тўқимачилик индустрияси қийин даврни бошдан кечирмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан тизимни қўллаб-қувватлаш учун “Долзарб 100 кунлик” чора-тадбирлари эълон қилинди. 

Бизнинг тадбирларимиз ҳам ана шу топшириқларга мувофиқ ўтказилмоқда. Бу орқали биз маҳаллий тўқимачилик-тикиш-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашни кўзлаганмиз. Қандай йўллар билан? Янги технологиялар, янги ечимлар ва имкониятлар излаб топиш, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларининг халқаро бозорларга чиқишига кўмаклашиш орқалидир. 

CAITME кўргазмаси миллий лойиҳа ҳисобланади. Ушбу мавзуда Марказий Осиёда ягона кўргазма ва Евроосиё қитъасида иккинчи йирик тадбирдир. Унга Марказий Осиё ва қўшни мамлакатлардан саноат мутахассислари ташриф буюради. Анъанага кўра, кўргазмада Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистондан текстиль ассоциациялари, шунингдек, Россиядан кўплаб мутахассислар ташриф буюриб, музокаралар олиб бориш, янгиликлар ва тўқимачилик машинасозлигидаги сўнгги ютуқлар билан танишиш имконига эга бўлади. 

Кўргазма 2004 йилдан бери ўтказилиб, халқаро соҳавий тадбирлар орасида муносиб ўрин эгаллаб улгурди. Бу йил ҳам кўргазма Европа ва Осиёнинг етакчи компаниялари томонидан сўнгги ишланмалар, ютуқлар ва илғор ечимлар билан танишиш имконини тақдим этади. Кўргазманинг бош ҳомийси Туркия машина ва технология экспортёрлари ассоциацияси – Turkish Machinery бренди ҳисобланади. У дунё бўйлаб йирик тўқимачилик машинасозлиги кўргазмаларини қўллаб-қувватлаб келади. 

Туркия тўқимачилик саноатининг дунё ва маҳаллий бозордаги муҳим ролини ҳисобга олганда, ушбу ҳамкор иштирок этиши жуда аҳамиятли. Бундан ташқари, Туркиядан 40 дан ортиқ иштирокчи компания қатнашади. Шунингдек,  Хитойдан 57 та, Ҳиндистондан 20 та Италиядан 14 та ва Германиядан 10 та компания сони жиҳатидан етакчилик қилади. Кўплаб янги дебют компаниялар ҳам иштирок этмоқда. Улар ичида технологик компаниялар, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар, автоматлаштириш ва ERP-тизимлар таклиф этувчи корхоналар бор. Жорий кўргазманинг 82 фоиз иштирокчиси хорижий компаниялардир. 

Ҳозирги тенденциялар шундан далолат берадики, глобал компаниялар барқарор ва рақобатбардош бўлиш учун бизнесларини янгича талабларга мослаштиришга мажбур. Бу энергия ресурслари қимматлашиши, иш ҳақи ўсиши, экология ва маҳсулотнинг барқарорлигига оид талабларни қамраб олади. 

Шундан келиб чиқиб, кўргазмада энергия таъминоти бўйича ҳам кўплаб ечимлар, автоматлаштириш ва рақамлаштириш, ERP тизимлари, ишчи кучини тежайдиган технологиялар ҳам намойиш этилади. 

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Global Textile Days” Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар яратиш ва замонавий технологиялар билан танишиш учун муҳим платформа ҳисобланади. Бу тадбир нафақат соҳани ривожлантиришга, балки Президентимиз топшириқлари ва “Долзарб 100 кунлик” чора-тадбирлари ижросида муҳим қадамдир.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева  ёзиб олди.

Ойбек Пардаев суратлари.