Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гуллар ифорига бурканган гўзал Наманган
20:13 / 2022-05-22

Наманганда ҳар йили анъанавий ўтказиладиган гўзаллик ва нафосат байрами 61-халқаро гуллар фестивали тантаналари бошланди.

Гуллар шаҳри азим Наманганда  гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, ҳурмату эҳтиром рамзи саналган гулларга алоҳида меҳр қўйилган. Баҳор фасли кириб келиши билан гулчилар ушбу байрам тадоригига киришади. Кўтаринки кайфият, шоду-хуррамлик, орасталик ва файзу баракотнинг муҳим омили сифатида ҳар бир кўча, хиёбон, хонадонларгача чаманзорга бурканади. Ҳар бир ҳовли гуллар билан безатилади, махсус туваклар ва гулзорларда турфа хилдаги гул навлари етиштирилади.

Халқаро гуллар фестивали тантаналари вилоятнинг ҳаво дарвозаси – Наманган халқаро аэропорти ҳудудидан гуллар автопаради билан бошланди. Унда давлатимиз байроғи билан безатилган енгил автомобиллар, юк машиналари, комбайн, трактор, ҳатто автокрангача анвойи гулларга бурканган 200 дан ортиқ транспорт воситаларидан иборат машиналар карвони Ислом Каримов шоҳ кўчасидан Темир йўл вокзали айланма йўли – Амир Темур –  Намангоний кўчалари бўйлаб ҳаракатланди.

Дунёнинг манаман деган мамлакатлари парад орқали ўз ҳарбий салоҳиятини кўз-кўз қилаётган бир даврда бизнинг тинчликсевар Ўзбекистонимизда гуллар автопаради орқали гўзаллик бутун жаҳонга тараннум қилинмоқда. Гуллар байрамининг асосий тантаналари бўлиб ўтадиган Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида байрамни юқори савияда ташкиллаштиришга пухта ҳозирлик кўрилди. Бу муаззам масканда ёшу кексани бирдек ўзига оҳанграбодек жалб этадиган 10 миллиондан ортиқ гул кўчатлари экилди. Наманган гулчилиги, маданиятининг узоқ ўтмишини ўзида акс эттирувчи очиқ осмон остидаги музей ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, ХIХ асрда ушбу хиёбон ўрнида “Гулзор” номи билан аталадиган маҳалла мавжуд бўлиб, аҳоли гуллар етиштириш, гулли ичимликлар, нектарлар, гуллардан турли хил ширинликлар ва зираворлар ҳамда гулдан асал ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Баъзи гул турларининг баргларидан ва илдизларидан шифобахш дамламалар тайёрланган. Наманган шаҳрида илк бор гул кўргазмаси 1961 йилнинг 24-27 август кунлари ташкил этилиб, у байрам сифатида анъанага айланди. Кейинги уч йил ичида боғ, гулчилик, гуллар фестивали мисли кўрилмаган даражага кўтарилди. Ҳатто, турнақатор гуллар карвони ташкил этилди.

Фестивалнинг тантанали очилишида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов таъкидлаб ўтганидек, гуллар байрами давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи чоғидаги ташаббуси билан 2018 йилдан эътиборан “фестиваль” мақомига эга бўлди ва халқаро миқёсда ўтказила бошланди. Гул сайилларида нафақат мамлакатимиз, балки қўшни давлатлар, қолаверса, Шарқий Осиё мамлакатларининг гул ишлаб чиқарувчилари ҳам иштирок этмоқда. Эътиборлиси шундаки, Республикамиз вилоятлари гулчиларининг иштирокидан ташқари, Корея ва Ҳиндистон мамлакатлари вакиллари ҳам алоҳида жойда ўзаро дўстлик муносабатларимизни тарғиб этувчи кўргазмаларини ҳавола қилди.
Қайд этиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил сентябрь ойида наманганлик сайловчилар билан ўтказган учрашувида вилоятда гулчиликни ривожлантириш, уни саноат даражасига олиб чиқиш борасида бир қатор таклифлар илгари сурилган эди. Наманган шаҳрида жойлашган Гулчилар ассоциацияси лабораториясида гулларнинг янги навларини яратиш, уларни клонлаш ва турларини хилма-хил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу фестивал доирасида махсус ер участкалари ажратилиб, зарур инфратузилма яратилди. Бу ерда иссиқхона хўжаликларида маҳаллий гулчилар мингдан зиёд бир йиллик, кўп йиллик ва бошқа турдаги турфа хил гуллар парваришламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг махсус қарори асосида Давлатобод тумани гулчиликка ихтисослаштирилиб, алоҳида кластер ташкил этилди. Унда истиқболли навларни кўпайтириш, хориждан келтирилган кўчатларни маҳаллийлаштириш орқали янги навлар яратишга йўналтирилган илмий-амалий марказ шакллантирилди. 10 сотихли иссиқхонада йил давомида олиб бориладиган машғулотларга барча ёшдаги ҳаваскорлар жалб этилиб, бир ярим ойлик сабоқдан сўнг махсус сертификат олмоқда. Гул байрами сайиллари олдинлари 2-3 кун, кейинчалик бир ҳафта давомида ўтказилган бўлса, фестивалга бўлган эътиборнинг йилдан-йилга ошиб бориши, сайёҳлар оқимининг тобора ортиши натижасида, қолаверса, таклиф ва истаклардан келиб чиққан ҳолда жорий йилдан эътиборан халқаро гуллар фестивалининг муддати 15 кунга узайтирилди.

– Бу йилги фестивал дастури ниҳоятда кенг ва ранг-баранг, гуллар автопаради давомийлигидан ташқари, кўплаб маданий-маърифий, кўнгилочар ва мотивацион тадбирларни ўтказишни режалаштирганмиз, – дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Нуриддинов. – Жумладан, Фарғона водийси вилоятлари модалар ҳафталиги, спортчиларнинг чиқишлари ва маҳорат сабоқлари, Ўзбекистон Халқ артисти, эл суйган ҳофиз Камолиддин Раҳимов хотирасига бағишланган “Камолиддин издошлари” Республика танлови, Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг “Очиқ осмон остида” концерт дастурлари, рус миллий драма театри спектали томошалари, таниқли бизнес тренерлари билан мулоқотлар,  вилоят бадиий жамоалари, дорбозлик ҳамда бошқа турдаги халқ ўйинлари ижрочиларининг чиқишлари бўлиб ўтади.

Наманганнинг халқаро брендига айланган гуллар бутун бўй-басти билан намоён қилинадиган 61-халқаро гуллар фестивали тантаналарини томоша қилиш учун Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Озарбайжон, Эрон, Хитой, Корея, Покистон, Туркия, Ҳиндистон, АҚШ каби 20 дан ортиқ хорижий давлатлардан меҳмонлар ташриф буюрди ва бу каби меҳмонлар оқими давом этмоқда. Шулар қаторида, Наманган билан биродарлашган ҳудудга айланган Туркиянинг Испарта ва Усмонғози, Қирғизистоннинг Жалолобод, Хитойнинг Циндао, Корея Республикасининг Инчеон ва Сеонгнам, Покистоннинг Панжоб, Россиянинг Челябинск ва Екатеринбург шаҳарлари маъмуриятларига таклифномалар юборилди.

Шунингдек,  гуллар байрамини кенг тарғиб этиш учун таклиф қилинган жаҳоннинг ўндан ортиқ мамлакатларнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари ва таниқли блогерлар Наманганга келиб, жараёнларни тўғридан-тўғри ёритиб бормоқда.

– Наманганга иккинчи бор келишим. Ҳам сайёҳ, ҳам журналист сифатида сайилларни, шаҳардаги ижобий ўзгаришларни кузатиб боряпмиз, – дейди Озарбайжон Республикасининг “Turkel-media” медиа холдинги бош муҳаррири Рамз Аббос ўғли. 

– Бу байрам миллатлар ва халқларни бир-бирига яқинлаштириб, дўст сифатида бирлаштиради. Наманган аҳолиси миллатлар орасида дўстлик кўпригини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани ғоят қувонарлидир.

Байрам тадбирига йиғилганлар Бобур боғида ташкилотларнинг гуллар экспозициялари, шаҳар ва туманларнинг ўзига хос анъаналарини ўзида ифода этувчи турфа гул декорация ва композициялари билан танишиб, эстетик гўзалликдан баҳраманд бўлмоқда. Мафтункор манзаралар, сермазмун томошалардан шодланиш иштиёқидаги катта-ю кичик меҳмонлар гуллар тимсолида нафосатга ошуфта шаҳар аҳлининг азму шижоати, гулга бўлган меҳридан ҳайратланиб, уларнинг гулчилик тажрибасига юқори баҳо бермоқда.

– Наманганда бошланган гуллар фестивалига таклиф қилинганимиздан беҳад хурсандмиз. Бир-биридан мафтункор гулларни кўриб, очиғи лол қолдик, – дейди Покистоннинг Фасилобод шаҳридан келган Акиб Насир. – Ўзбекистонни бутун дунёга бўй-басти билан танитадиган мана шундай кенг кўламдаги байрамларни кўпроқ ўтказилиши тарафдоримиз.

– Нафсоат байрамини эшитиб, бутун оиламиз, набираларим билан Наманганга ошиқдик, байрамни бунчалик юқори даражада ўтишини кутмаган эдик, – дейди Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидан келган 70 ёшли Турсунтош ая Тошмуродова. – Бир-биридан ажойиб гул композициялар томошасидан кўзимиз тўймаяпти. Аъло даражадаги ташкилотчилик ва меҳмондўстлик учун раҳмат.

– Одамнинг табиати ўзи гулдай. Шу боисдан ҳам гулга ошуфта бўлади, кўнгил гул истайди, – дейди Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳридан келган сайёҳлардан бири Отақул Жалилов. – Тили, дини, қарашлари муштарак бўлган ўзбек ва қирғиз халқларининг узоқ йил кутган орзулари амалга ошиб, чегаралар очилгани биз учун айни муддао бўлди. Туристик фирма орқали 700 кишидан иборат делегация таркибида Гуллар фестивалини кўргани келдик. Сайилларни кўриш асносида Наманган вилоятининг инфратузилмаси, маданияти, урф-одатлари, маданий мероси билан ҳам яқиндан танишдик. Бундай байрамларда туристлар оқими кўпайиб, фаровонлик ва даромад манбаи ортишига эришилади.

Дарвоқе, фестивални меҳмонлар учун унутилмас воқеа сифатида эсда қолиши ва эсда қоларли таассуротларга бой тарзда ўтиши учун барча зарурий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, тадбир ташкилотчилари томонидан меҳмонларнинг фестивал давомида сайёҳлик жойларига ташриф буюриш истагидан келиб чиқиб, бир нечта туристик маршрутлар ишлаб чиқилди.

Юртимиздаги гулчилик анъаналарини, қолаверса, Наманган вилояти шаҳар туманларининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, инвестиция жозибадорлигини кенг тарғиб этиш ҳамда ички ва ташқи туризм ривожида муҳим аҳамият касб этадиган 61-анъанавий халқаро гуллар фестивали тадбирлари 5 июнга қадар давом этади.

Оқилхон Дадабоев, 
ЎзА мухбири.