Шу кунларда Наманган дунё аҳлининг эътиборида. Муаззам ва навқирон гўшанинг касби, ёши, мавқеидан қатъий назар, жамики инсонлари улуғ мақсад йўлида бир ёқадан бош чиқариб, 63 йилдан буён амалга ошириб келаётган эзгу анъаналари ана шундай мақтовга лойиқ.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда “Афсоналар водийси” парки ҳар куни нафақат ҳамюртларимиз, олис ўлкалардан ташриф буюраётган гўзаллик шайдолари, эзгулик ошнолари билан гавжум. Вилоят туризм бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 63-халқаро гуллар фестивалининг дастлабки ўн кунлигида 3 миллион 794 минг 870 нафардан зиёд юртдошимиз, 57 давлатдан 148 мингдан ортиқ хорижий сайёҳлар фестиваль меҳмони бўлишди. Туристлар турфа гуллардан иборат ҳайратбахш манзаралар, сайру саёҳатлари мароқли ўтиши учун ташкил этилган жаҳон андозалардаги хизматлардан баҳраманд.
– Наманган вилоятида 1961 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинадиган гуллар байрамига Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда халқаро фестиваль мақоми берилди, – дейди Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отахўжаев. – Натижада йилдан-йилга фестивалнинг нуфузи ва шукуҳи ортиб бормоқда. Биргина мисол, 2018 йилда фестиваль давомийлиги уч кун бўлиб, унга 2500 нафар хорижий турист ташриф буюрган бўлса, 2023 йилга келиб 30 кун давомида ўтказилган ҳамда унда дунёнинг 52 мамлакатидан 154 мингдан зиёд халқаро ҳамда мамлакатимиздан 4 миллион 200 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ келган.
Эътиборлиси, гуллар байрамига қўшни Республикалар ҳудудлари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарларининг ташрифи фестиваль нуфузини оширмоқда. Фестивалнинг очилиши ва илк кунларидаги тадбирларда Қатар давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Асад Муҳаммад Ҳошим, Қувайт давлатининг республикамиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Холид Ал-Жиран, Чехия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Любомир Фреборт, Корея Республикасининг Буео шаҳри ҳокими Парк Жунг Ҳюн, Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Болгария Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси вақтинчалик раҳбари Стояна Русинова сингари мартабали меҳмонларнинг иштирок этганлигини қайд этиш жоиз.
– Наманган мен учун Тошкентдан кейинги қадрдон шаҳар ҳисобланади. Гуллар байрамига учинчи бор келишим, фестиваль йилдан йилга такомиллашиб бораётганига гувоҳ бўлдим, – дейди Ҳиндистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси иккинчи котиби, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги ҳинд маданияти маркази директори Мистер Ситеш Кумар. – Айниқса, биз ҳиндларга Ҳиндистон маданиятини тарғиб этувчи махсус гуллар кўргазмаси, йога рақслари намойиши ва фотогалерея илиқ тассурот қолдирди. Буларни кўриш асносида Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатлари дўстлик, ишончли ҳамкорлик, минг йиллик тарихий-маданий, маънавий ришталарга таянганига ишонч ҳосил қиласан киши. Фестивални Ҳиндистонда ҳам кенг тарғибот қилмоқдамиз.
– Наманганда ўтаётган гўзаллик байрами бизни лол этди. Гуллар шаҳридаги тўқувчилик фабрикасида иш бошлаганман, – дейди Покистон Ислом Республикасидан келган Амир Рамзан Чодри. – Бу юрт одамларининг меҳмондўстлиги ва очиқкўнгиллиги кўплаб чет эллик тадбиркорларнинг шу заминда иш бошлашига туртки бермоқда. Гуллар фестивали асрлар давомида давом этишига шубҳа йўқ.
Анъанавий халқаро гуллар фестивалига хорижий ва маҳаллий туристларнинг қизиқиши ортиб бораётганлигини инобатга олиб, жорий йилда фестивалнинг муддати 40 кун давом этиши белгиланди. Ҳозирги кунда тадбир ўтказиладиган объектлар ҳамда вилоят маркази ҳудудлари бўйлаб 45 миллион туп гул кўчати замонавий ландшафт дизайни асосида экилди. Таққослаш учун, ушбу рақам 2018 йилда 4,5 миллион туп, 2023 йилда 35 миллион тупни ташкил қилган.
Фестивалнинг ранг-баранглигини таъминлаш мақсадида “Ипак йўлида туризм тармоқларини ривожлантириш” халқаро илмий-амалий конференция, ҳудудларнинг маданият кунлари, “Бобораҳим Машраб – Наманган фахри”, Ўзбекистон симфоник оркестри ва Ўзбекистон давлат драма театрининг гастроль дастурлари юқори савияда қизғин руҳда ўтган бўлса, яқин кунларда “Камолиддин Раҳимов издошлари” республика танлови, қўл жанги спорт тури бўйича халқаро мусобақа, “IT бизнес форуми”, Беш муҳим ташаббус тадбирлари ҳам 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганларни ўзига ром этиши, шубҳасиз.
Гуллар байрами ўтказилиши Наманган вилоятининг иқтисодиёти ривожига, аҳолининг реал даромадлари ошишига ва одамларнинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида қўшимча 45 та маҳалла гулчиликка ихтисослаштирилиб, 16,1 минг хонадон қамраб олинди ҳамда 20,8 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, ушбу хонадон томорқаларида март-апрель ойларида 4683 дона иссиқхона ташкил этилиб, 90 миллион дона гул кўчати етиштирилди.
Қолаверса, халқаро гуллар фестивали нуфузини ошириш ва кенг миқёсда тарғиб қилиш мақсадида марказий ва вилоят телевидениелари ҳамда юртимизнинг барча шаҳарларида ўрнатилган “LED” экранларида махсус видеороликлар намойиш этилмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб қилинмоқда. Бундан ташқари, 250 тадан ортиқ хорижий журнал ва сайтларда мақолалар ёритилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири