English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гуллар фестивали доирасида халқаро турнир бошланди
07:57 / 2024-06-11

Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида бошланган шотокан каратэ-до бўйича халқаро очиқ турнирда водий вилоятлари, Тошкент шаҳри, шунингдек Қирғиз Республикаси, Қозоғистон ва Тожикистон мамлакатларидан келган 5-18 ёшдаги 400дан зиёд ўғил-қиз ғолиблик учун баҳсга киришди.

63-халқаро гуллар фестивали доирасида ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақа жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шарқона яккакурашнинг шотокан каратэ-до турини оммалаштириш, ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда терма жамоа захирасини муносиб номзодлар билан бойитишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, унда ғолибликни қўлга киритадиган спортчилар жаҳон ва Осиё чемпионатларида иштирок этиш учун танлаб олинади.  

Халқаро турнирнинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, Ўзбекистон шотокан каратэ-до ассоциацияси раиси, 4-дан қора белбоғ соҳиби Валижон Шамшиев, Наманган шаҳри ҳокими Анваржон Отахўжаев бу каби мусобақалар ўсиб келаётган ёш авлодни спортга қизиқтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, Янги Ўзбекистон довруғини халқаро ареналарда юксалтирадиган чемпионларни етиштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Ёшлар ўртасида шотокан каратэ-дони кенг оммалаштириш, кўплаб чемпионларни тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ спорт фахрийлари ва фидойилари турнир ташкилотчилари томонидан махсус эсдалик нишони билан тақдирланди.

Халқаро турнир иштирокчилари 18 килограммдан +84 килограммгача бўлган вазн тоифаларида якка ва жамоавий  йўналишларда  беллашмоқда. Муросасиз тарзда кечаётган беллашувларда даставвал татамига энг кичик ёшдаги болажонлар чиқди ҳамда улар ўртасида зафар қучган жажжи иқтидор соҳибларига диплом ва медаллар топширилди.

--Фарзандларимизни жисмоний тарбия ва спортга мурғаклигидан чиниқтириш, уларнинг соғлом, руҳан тетик бўлиб улғайишида катта ёрдам беради. Шунинг учун ҳам 5 ёшли ўғлим Муҳаммадсолиҳ Муҳаммадалиев Янги Наманган туманидаги 67-сон мактабгача таълим ташкилотида тарбия топиш асносида  шотокан каратэ-до тўгарагига ҳам қатнайди, -- дейди мусобақага келган оталардан бири Мирзоҳид Камолов. – Халқаро очиқ турнирнинг энг ёш иштирокчиси сифатида дилбандимнинг фахрли иккинчи ўринни қўлга киритганидан беҳад хурсандман.

Мусобақада мана иккинчи йилдирки, қўшниларимиз – Марказий Осиё давлатларининг спорт делегациялари ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Қирғиз Республикасидаги учта ҳудуддан – Бишкек шаҳри, Ўш ва Жалолобод вилоятларининг жамоалари ҳам ғолиблик учун баҳсларга киришган. Жалолободликларнинг бош мураббийси Туланбай Яхшибоевнинг эътироф этишича, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани, икки томонлама чегаранинг очиқлиги туризм ҳамда спортнинг кенг ривожига катта йўл очмоқда. Мазкур жамоа ўз уйига шода медаллар билан қайтишга қатъий бел боғлаган.

--Намангандаги халқаро очиқ турнирнинг қамрови ва савияси ошиб бормоқда. Дебют мусобақада икки юзга яқин спортчи иштирок этган бўлса, навбатдаги старт олган баҳсларда қатнашчиларнинг сони икки каррага ўсди, -- дейди Ўзбекистон шотокан каратэ-до ассоциацияси бош мураббийи, 7-дан қора белбоғ соҳиби Хўжамқул Хўжамқулов. – Бу, ўз навбатида, гуллар диёрида шарқона яккакураш, айниқса, унинг шотокан каратэ-до тури тобора оммавийлашиб бораётганидан далолатдир. Қолаверса, Наманган вилоятида халқаро даражадаги мусобақаларни ташкил этиш ва уни кўтаринки ўтказиш учун зарур инфратузилма объектлари мавжуд. Мусобақа ташкилотчиси – вилоят шотокан каратэ-до ассоциацияси вице-президенти Илҳомжон Қосимов билан бирга келгуси йилда давлатлар сони ва иштирокчилар қамровини янада кенгайтиришга келишиб олдик.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири