Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гуллар фестивали доирасида халқаро таълим форуми ўтказилди
11:25 / 2022-05-24

Наманганда бўлиб ўтаётган 61-Халқаро гуллар фестивали доирасида халқаро таълим форуми ўтказилди.

Наманган муҳандислик-технология институти томонидан ўтказилган чет тилларини ўқитишда тил ва таржиманинг роли мавзусига бағишланган илмий анжуманда жаҳоннинг ўндан ортиқ мамлакатларидан тилшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

– Олий таълим муассасасининг илмий салоҳияти, миллий таълим рейтингида муносиб ўрин эгаллашида хорижий тилларни ўқитиш борасида йўлга қўйилган тажрибалар муҳим, – дейди НамМТИ чет тиллар кафедраси мудири, филология фанлари доктори Дилдора Ҳошимова. – Айниқса, бу борада дунёнинг кўпгина ривожланган давлатларидаги нуфузли университетлар ва институтлари билан ҳамкорлик алоқаларимиз яхши самара бермоқда. Бу таржима жараёнларини ташкил этиш, адабиётшунослик масалалари, тил ўқитишнинг янги инновацион услубларини ҳал қилиш, гид хизматлари борасида сўз юритилди. Мазкур соҳада олиб борилаётган илмий изланишлар, шу билан бирга, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун илмий асосларни яратиш, махсус қўлланмалар нашр этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ҳам бўлиб, нафосат ва гўзалликдан баҳраманд бўлди.

– Гуллар байрами ярим асрдан ортиқ давр мобайнида ўз анъанавийлигини йўқотмасдан келаётир, – дейди Қозоғистон Республикасининг Олма ота шаҳридаги Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университети профессори, филология фанлари доктори Ислам Жеменей. – Бу байрам инсонларни гўзалликка ошуфта этиш, атроф-муҳитни севишга, экологияни асраб-авайлашга чорлаши билан аҳамиятли, деб ўйлайман.

– Ҳиндистондан Ўзбекистон заминига халқаро таълим форуми ва гуллар фестивалига келганимиздан хурсандмиз, – дейди Ҳаряна таълим департаменти тренери Монож Кумар Лакра. – Миллионлаб турфа гуллар жозибаси бизни ўзига ром этди. Ҳиндистонда ҳам ҳар йили январь-февраль ойларида гул фестивали ўтказилади. Унда минглаб атиргуллар намойиш қилинади. Намангандаги фестиваль шукуҳи эътиборимни тортди.

– 80 ёшимдаги бу саёҳатим ҳаётимдаги энг гўзал ҳодисалардан бири бўлди, – дейди АҚШнинг Техас штатидан келган тилшунос-олим Женни Ҳантер. –Шаррос ёмғир ёғаётганига қарамасдан биз жуда чиройли манзараларни кўрдик, дилкаш инсонлар билан мулоқотда бўлдик.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА