Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигида экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш ва маҳаллий аҳолининг даромадини оширишга қаратилган лойиҳалар мамлакат иқтисодиётининг барқарорлиги ва жамият фаровонлиги учун муҳим аҳамиятга эга.
Ана шундай ташаббуслардан бири Сайхунобод туманида фаолият юритаётган “FS Logistic” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Корхона Европа бозорига гулкарам етказиб беришни йўлга қўйди. Литва билан тузилган шартнома асосида дастлабки маҳсулот сифатида 60 тонна гулкарам ҳар килограмми 1 евро нархда экспорт қилинди.

Энг асосийси, “FS Logistic” корхонасида гулкарам замонавий иссиқхона технологиялари асосида етиштирилмоқда. Томчилатиб суғориш тизими орқали суғориш ва турли минерал моддалар билан озиқлантириш йўлга қўйилган. Бу эса маҳсулот сифатини халқаро стандартларга мос ва ташқи бозор талабларига жавоб берар даражада таъминлайди.

Маҳсулотнинг яна бир афзаллиги — унинг экспортбоплиги. Европа давлатларида бу сабзавотга талаб йил давомида барқарор ва юқори бўлиб, нархи ҳам қониқарли даражада.
Аҳоли учун энг муҳим янгилик шуки, иссиқхонада ҳосил йиғим-терими, маҳсулотни саралаш ва қадоқлаш ишларига 60 нафарга яқин маҳаллий аҳоли жалб этилган. Бу нафақат меҳнатга лаёқатлилар учун доимий ва мавсумий даромад манбаи яратиш, балки маҳаллий иқтисодий фаолликни ҳам оширишда муҳим омил ҳисобланади.

Лойиҳа АТБ “Туронбанк”нинг молиявий кўмагида амалга оширилган бўлиб, 8 гектар ер майдонидаги замонавий иссиқхона хўжалигига жами 4 миллиард сўм инвестиция йўналтирилган. Шунингдек, энергия тежовчи технологиялар ва самарали суғориш усуллари жорий этилгани маҳсулот ҳосилдорлигини ошириш билан бирга атроф-муҳитга таъсирини ҳам камайтирмоқда.
– Бизнинг мақсадимиз нафақат ташқи бозорга чиқиш ҳажмларини кўпайтириш, балки маҳаллий аҳоли учун барқарор даромад манбаи яратиш, – дейди корхона раҳбари Жаҳонгир Маматқулов. – Энг асосийси, иссиқхонада доимий ва мавсумий иш ўринлари ташкил этилди. Бу эса қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини кўтариш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, “FS Logistic” МЧЖ ишлаб чиқаришни бошлашдан олдин ички ва ташқи бозор конъюнктурасини таҳлил қилган ва экспортбоп маҳсулот турини аниқлаб олган. Бу ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган қишлоқ хўжалигида қўшимча қиймат яратиш ва аҳоли даромадини ошириш стратегияси билан ҳамоҳангдир.
Бундай лойиҳалар нафақат Сирдарё вилоятининг ташқи савдо салоҳиятини ошириш, балки маҳаллий аҳоли учун барқарор иш ўринлари, даромад ва ижтимоий имкониятлар яратишда ҳам муҳим роль ўйнайди. Асосийси, экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳудуднинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири