French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистоннинг лолалари
12:01 / 2024-04-14

Наврўз айёми кунларида Гулистон шаҳрининг хиёбон ва майдонларини чаманзорга айлантириш ниятида юрган шаҳар кўкаламзорлаштириш идораси ишчи-ҳизматчилари Ўзбекистон кўчаси бўйлаб турфа гуллар экиб юришганига гувоҳ бўлгандим.

Кўп ўтмай, айни байрам кунлари анвойи чечаклар орасидаги ўзгача яшнаб турган лолаларга кўзим тушиб, кайфиятим кўтарилди. Гулчилар билан суҳбатлашсам, улар  “Ҳали бу бошланиши, энди бундан буёғига шаҳарликлар лола сайлига деб, узоқ тоғларга бориб юришмайди, шаҳримизнинг барча мавзелари,  кўча ва майдонларида лолазорлар барпо этилади” дейишди.  

Гулистон шаҳрининг Юксалиш маҳалласидаги Абдумўмин Пардаев хонадонига йўлингиз тушса, ҳовлига  киришингиз билан алвон, пушти, оқ, сариқ, қизил рангдаги лолалардан кўзингиз яшнаб кетади. Хонадон соҳиби, меҳнат фахрийси Абдумўмин ака жуда хафсалали инсон. Асли касби қурувчи-муҳандис бўлса-да, боғ-роғ, гулзор яратишни яхши кўради. Боғидаги турли мевали дарахтлар ҳар  йили мўл ҳосил беради. Абдумўмин аканинг қирмизи олмаларини, бол сингари мазали шафтолиларидан қишлоқдошлар кўп маротаба баҳраманд бўлган.  

Бундан бир неча йил аввал хонадон соҳиби катта ҳовлининг гир атрофига эринмай лола кўчатлари ўтқазди. Ҳар  йили  кўкламда лолалар чунонам гуллайдики, ҳовлига кирган одамнинг ҳаваси келади. Оила бекаси Каромат опа эса, лолаларнинг ёнида  набиралари билан суратларга тушиб, завқланади.  Онахон  лолаларнинг ёнгинасидаги сўрида  чойхўрлик  қилиш, гурунглашишнинг гашти ўзгача эканлигини айтди. Каромат ая: “Лола терамиз, деб тоғ-тошларга бориб юрманглар, келинглар ҳовлимизга, лола сайли қиламиз”  деб  қўни-қўшниларни чорлайди.

Мана, бу  йил ҳам  ушбу файзли ҳовлида турфа рангли лолалар қийғос очилди. Хонадон соҳибаси ҳар куни тонгни лолазорда қаршилайди, улардан баҳра олиб, ҳар бирини набиралари каби суйиб, эркалайди. Набираларини ҳам ёнига чорлаб, гуллар, лолалар ҳақида эртаклар, ривоятлар, шеърлар айтади. Агарда сизнинг ҳам шу томонга йўлингиз тушса, албатта, хонадонга тортинмай киринг, лолалар ва уй эгалари сизни очиқ чеҳра билан қарши олади.

Ш.Суяров, ЎзА мухбири