Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистондаги чақнаш газ баллонлари қандай ўрнатилишига оид нормалар йўқлигини кўрсатди
16:29 / 2025-12-17

Фавқулодда вазиятлар вазири Ботир Қудратхўжаевнинг парламентдаги эшитувида депутатлар аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, айниқса, ижтимоий объектларнинг техник ҳолатини мунтазам ўрганиш ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди. Шу билан бирга, бир қатор саволларни ўртага ташлади.

Моҳира Хўжаева, депутат:  

— Ҳудудларда кўплаб нохуш ҳолатлар содир бўлаётганига гувоҳ бўляпмиз. Хусусан, Гулистон шаҳрида содир бўлган чақнаш ҳодисасида кўплаб фуқаролар жабр кўрди. Вазирлик бу каби ҳолатларнинг олдини олишда қандай чораларни режалаштирган?

Ботир Қудратхўжаев, Фавқулодда вазиятлар вазири:

— 2 декабрь куни Гулистон шаҳрида содир бўлган нохуш ҳолат бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилиб, зарур чоралар кўрилмоқда. Бу ҳодиса шуни кўрсатдики, тадбиркорлар газ баллонини қай тартибда ўрнатиши, қаерга ўрнатиши кераклиги борасидаги тартиблар белгиланган меъёрий ҳужжатнинг ўзи йўқлиги маълум бўлди. Гулистондаги ҳолат шуни бизга аён қилди. Шундан келиб чиқиб, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ва “Ҳудудгазтаъминоти” билан биргаликда тегишли ҳужжат ишлаб чиқиляпти. Унда газ баллонлари қандай ўрнатилиши кераклигига оид тартиблар аниқ белгилаб қўйилади.  

Бу каби нохушликларнинг олдини олиш, жойларда хавфсизликни таъминлаш чораларини назорат қилиш ва чоралар кўриш бўйича ҳудуддаги вакилларимизга топшириқлар берилган ва ишлар олиб бориляпти.

Шуҳрат Шарофиддинов, депутат:  

— Ис газидан заҳарланиш ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳим. Чунки ис гази билинмаган ҳолда пайдо бўлиб, хавф туғдиради. Янги уй-жойлар қурилишида ис газидан огоҳлантирувчи қурилмаларни ўрнатишга талаб борми? Агар бундай талаб бўлмаса, шундай талабни мажбурий жорий қилиш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш борасида амалий ишлар қилиняптими?

Вазирлик вакили:

— Шаҳарсозлик норма ва қоидаларида бу талаб кўзда тутилган. Газлаштирилган хонадонларни газ сигнализаторлари билан таъминлаш белгилаб қўйилган. Янги барпо этилаётган уй-жойларни топшириш жараёнида ҳам бу талабларнинг бажарилишига эътибор қаратилади.    

Муҳтарама Комилова, ЎзА