Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистондаги бунёдкорлик — ОАВ нигоҳида
17:06 / 2025-06-13

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида “Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси” маблағлари ҳисобидан олиб борилаётган ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлмоқда. Шунга биноан, туман ҳокимининг ўринбосари Музаффар Ўринбоев билан ОАВ вакиллари иштирокида махсус пресс-тур ташкил этилди.

Мазкур пресс-тур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган бўлиб, унга асосан “Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси” маблағлари ҳисобидан барпо этилаётган инфратузилма объектлари билан яқиндан танишиш ҳамда жойлардаги амалий ҳолатни жамоатчиликка етказиш мақсади кўзда тутилганди.

Журналистлар Алишер Навоий маҳалласидаги қишлоқ врачлик пункти, Бешбулоқ маҳалласидаги 12-умумтаълим мактаби ҳамда 10-сонли мактабгача таълим ташкилотида амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан танишдилар. Шунингдек, улар бевосита объектлар ҳолатини ўрганиш, ишлаб чиқилаётган лойиҳаларнинг ижроси, техник ва меъморий талабларга риоя этилиши, муддатлар ва сифат стандартлари билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумотлар олиш имконига эга бўлдилар.

Мутасадди ташкилотлар ва пудратчи корхоналар вакиллари томонидан журналистларга лойиҳаларнинг амалга оширилиш босқичлари, сарфланадиган маблағлар, ишчи кучини жалб этиш, экологик ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш юзасидан атрофлича ахборотлар тақдим этилди. Қурилиш жараёнларида маҳаллий аҳоли вакиллари иш билан таъминлангани, улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилгани алоҳида таъкидланди.

Маълумот учун яна шуни айтиб ўтиш керакки, мазкур лойиҳа доирасида Гулистон туманида жами 6 та умумтаълим мактаби, 5 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та қишлоқ врачлик пункти, 1 та сил касалликлари диспансери ҳамда Мудофаа бўлими биноларида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Бунда замонавий қурилиш технологиялари, энергия самарадорлиги, инклюзив муҳит яратиш ва экологик барқарорлик мезонларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган саволларга масъуллар томонидан асосли ва батафсил жавоблар берилди.

Яна шуни мамнуният билан таъкидлаб ўтиш лозимки, пресс-турларнинг жойларда ташкил этилиши амалга оширилаётган ислоҳотлар очиқлиги, давлат маблағларидан фойдаланишда шаффофлик ва жамоатчилик назоратининг таъминланишига хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири