Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида шаҳар Спорт мактабига қарашли замонавий спорт иншооти барпо этилди ва тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Шу билан вилоятда мустақиллик йилларида барпо этилган спорт масканлари сафи яна биттага ортди. Қувонарлиси, янги бинода якка кураш ва адаптив спорт турлари билан шуғулланувчи 100 нафардан зиёд спортчи бир вақтнинг ўзида машғулот ўтказиши учун шароит яратилди.
Тантанали очилиш маросими ҳақиқий спорт байрами руҳида ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Бекзод Исматов, Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов, шаҳар ҳокимлиги вакиллари, нуронийлар, спорт мактаби мураббийлари ва тарбияланувчилари иштирок этишди.


– Бугун ёшларимиз учун яратилаётган имкониятлар янада кенгаймоқда, – деди вилоят ҳокими ўринбосари Бекзод Исматов. – Янги спорт иншооти нафақат машғулотлар учун замонавий шароит яратади, балки ёшларнинг иродаси, матонати ва руҳиятини ҳам тарбиялайди. Ишончим комилки, ушбу масканда келгусида республика ва халқаро мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтарадиган кўплаб иқтидорли спортчилар етиштириб чиқади.


Маросимда сўз олган нуронийлар ва спорт соҳаси вакиллари ҳам жамоани янги маскан билан табриклаб, мазкур иншоот ёш авлод тарбияси, соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва спорт ҳаракатини оммавийлаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири