Адлия вазирлиги фахрийлар кенгаши, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда "Мадад" ННТ вакиллари Сирдарё вилоятида бўлишиб, Гулистон шаҳар давлат хизматлари маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Танишув давомида марказда аҳоли ва тадбиркорлар учун яратилган қулай шароитлар, хизмат кўрсатиш жараёнларининг самарадорлиги ҳамда очиқлик ва шаффофлик принципларига риоя этилиши ўрганилди.

Кенгаш аъзолари фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг марказ фаолияти, хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлиги юзасидан фикр-мулоҳазалари билан қизиқишди. Шунингдек, ФҲДЁ бўлимидаги шароитлар ҳам, ФҲДЁ ва Нотариал архивларда ҳужжатларни сақлаш ҳолати ҳам кўздан кечирилди, жисмоний ва юридик шахслардан келган мурожаатларга берилган жавоблар сифати таҳлил қилинди, айрим таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Жамоатчилик кенгаши ва ННТ вакиллари томонидан хизматлар сифатини янада ошириш, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини тезлаштириш юзасидан аниқ тавсиялар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири