Гулистон шаҳридаги Президент мактабида ёшлар учун мўлжалланган “Startup Saturday” инновацион тадбири бўлиб ўтди. Мазкур тадбир ёшларнинг тадбиркорлик ва инновацион фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, стартап экотизими билан яқиндан таништириш ҳамда амалий тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирни Сирдарё вилояти Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармасининг Инновацион ривожланиш шуъбаси мудири Сайфиддин Исантурдиев, StartUp менежери Ҳасан Ахмуратов ҳамда IT Park менежери Мирбобожон Ғайбуллаев, Президент иқтидорли фарзандлари миллий дастурининг Сирдарё вилояти бош маслаҳатчиси Мадина Сапаровалар бошлаб беришди. Мутахассислар ўз чиқишларида мамлакатимизда инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар стартап ташаббусларини рағбатлантириш механизмлари ва яратилган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Тадбирда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек, “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури ҳамда вилоятдаги қатор умумтаълим мактаблари ўқувчилари фаол иштирок этишди.
Иштирокчилар учун стартап тушунчаси, ғояни лойиҳага айлантириш босқичлари, бизнес-модел яратиш, стартап мусобақалари хусусида амалий маърузалар тақдим этилди. Шунингдек, жамоавий ишлаш, муаммога инновацион ёндашув ва тақдимот маҳорати бўйича тренинглар ўтказилди.

Тадбир доирасида турли мактаблардан ташриф буюрган ўқувчилар жамоаларга бирлаштирилиб, “Cemverde”, “Renessans”, “Robocop”, “Sivrae Vision”, “DoriCHECK”, “Relocate.uz” каби мини-стартап лойиҳаларини ишлаб чиқдилар. Жамоалар ўз ғояларини қисқа муддат ичида шакллантириб, мутахассислар ва иштирокчилар олдида ҳимоя қилди.

Шунингдек, тадбирда ўз стартап прототиплари билан қатнашган Иброҳим Шаймарданов (SATracker), Асрорбек Абдужалилов (EcoNovda), Жамолиддин Тоиров (TezTekshir), Аслбек Бойхўрозов (Salen Academy), Шоҳжаҳон Абдуҳамидов (Marsillino), Мавлонбек Жамолов (EcoDu), Зарина Султонбоева (Earthen Pot Walls) каби иштирокчилар ташаккурнома билан тақдирландилар.

Қайд этилганидек, “Startup Saturday” лойиҳаси ёшларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш, уларни замонавий технологиялар ва стартап экотизимига жалб этиш, ғояларни амалиётга татбиқ этиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири