Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистонда шодиёна
16:22 / 2023-12-06

Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод маҳалла – обод хонадон – обод кўча" дастури доирасида амалга оширилган ишлар тақдимоти сифатида Избоскан туманидаги Гулистон маҳалласида мега тадбир ўтказилди.

Андижон вилоятидаги танлаб олинган 5 та – Қўрғонтепа туманидаги Қизилтўқай, Жалақудуқ туманидаги Қутлуғ, Бўстон туманидаги Меҳнатобод,  Избоскан туманидаги Гулистон ҳамда Балиқчи туманидаги Халфачек маҳаллаларида “Обод маҳалла – обод хонадон – обод кўча" дастури доирасида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.    

Дастур доирасида олиб борилган ишлар натижасида Избоскан туманидаги Гулистон маҳалласининг қиёфаси тубдан ўзгарди, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Ана шу ишлар сарҳисобига бағишлаб ташкил этилган тадбирлар ҳақиқий байрам шодиёнасига айланди.  

Тадбир эрта тонгдан нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар   иштирокида юртимиз мадҳияси садолари билан бошланди.    

Тадбирнинг очилишида сўз олганлар томонидан мамлакатимизда юртнинг ҳар бир гўшасини обод манзилга айлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, инсон қадрини улуғлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, буни Гулистон маҳалласи мисолида ҳам кўриш мумкинлиги таъкидланди.    

Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги, мусаффо осмонимиз  рамзи сифатида кўкка оқ капутарлар учирилди.  

Шундан сўнг аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, аҳоли вакилларини жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш мақсадида "Ҳаёт учун 5000 қадам" юриш марафони ўтказилди.    

Юриш марафони билан бир вақтда алоҳида майдонга ўрнатилган ўчоқда 40 дан ортиқ ошпаз томонидан қарийб 8 тонналик палов тайёрлаш жараёни ҳам бошланди.  

Марафонда тумандаги корхона, ташкилот, таълим муассасалари вакиллари, ёшлар, тадбир меҳмонлари  маҳалла кўчалари бўйлаб юриш билан бирга, маҳалланинг кўча ва гузарларида амалга оширилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларининг бевосита гувоҳи бўлди.    

Айни кунда мазкур маҳалладаги 756 та хонадон, 1 минг 273 оила таркибида 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 2 минг 300 нафардан ортиғи хотин-қиздир.  

Амалга оширилган ишлар доирасида маҳалла фуқаролар йиғини идораси капитал таъмирланди, 690 та хонадондаги 2 минг 574 та муаммо ҳал этилди. Жумладан, 94 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди, маҳалла аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга тикув ва турли йўналишларда иш олиб бориши учун меҳнат қуроллари, жиҳозлари, шунингдек, 1 нафар эҳтиёжманд оила 2 хонали уй-жой билан таъминланди. Кўплаб хонадонлар таъмирланди, бир гуруҳ фуқароларга ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари, яна бир гуруҳ эҳтиёжманд оилаларга кўмир ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.    

– “Обод маҳалла – обод хонадон – обод кўча" дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида маҳалламиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди, – дейди меҳнат фахрийси Шаҳзодахон Ўринова. – Маҳалламиздаги кўримсиз, кўрган кишининг таъбини хира қиладиган уйлар бутунлай янги кўриниш касб этди, йўлларимиз таъмирланди. Маҳалладаги ўзгаришлар, айниқса, йиллар давомида тўпланиб, одамларни қийнаб келаётган қатор муаммолар тўла-тўкис ҳал этилганлиги, аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланганлиги барчамизни беҳад қувонтиради.    

Бундан ташқари, маҳалла йўлларининг бир қисми асфальтланди, шағал тўкилди, кўчаларга ёритиш чироқлари ўрнатилди. Шунингдек, 114 дона темир-бетон устун, 2 та янги трансформатор, битта янги сув иншооти ўрнатилиб, янги ичимлик суви тармоғи тортилиб, аҳолининг электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти янада яхшиланди. Маҳалла аҳолиси табиий ва суюлтирилган газ билан таъминланди.  

Мега тадбирлар тиббиёт бирлашмасига қарашли маҳалладаги капитал таъмирланган "Усмон Мансуров" номли оилавий шифокорлик пункти  биносининг очилиш маросими билан давом этди.

– Қарийб 5 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатадиган оилавий шифокорлик пунктимиз бутунлай янгича қиёфа касб этди, – дейди шифокорлик пункти раҳбари Замирахон Назарова. – Янги бинода шифокорлар ҳамда ташриф буюрувчилар учун зарур шароит яратилди, шу билан бирга, янги тиббий жиҳоз ва ускуналар билан таъминланди. Бу билан аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги янада ортади.  

Шундан сўнг меҳмонлар иштирокида маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси фойдаланишга топширилди.  

Маҳалла марказида ташкил этилган катта майдонда санъаткорлар томонидан намойиш этилган куй-қўшиқлар барчага хушкайфият улашди. Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.  

Тумандаги меҳнат жамоалари томонидан ташкил этилган кўргазмалар, ўзига хос манзаралар тадбир иштирокчиларига юқори кўтаринкилик бағишлади.  

[gallery-14926]

Туман ҳокими Серобиддин Исмоилов дастур доирасида амалга оширилган ишларда фаол қатнашган фуқаролар, ташкилотларга миннатдорчилик билдириб, уларнинг бир гуруҳига ҳамда ташкил этилган кўрик-танловлар ғолибларига ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширди.  

Байрам шодиёналари доирасида 2 тонна гуруч, 1 тонна гўшт, 800 килограм ёғ, 2,5 тонна сабзи, 600 килограм пиёз, 400 литр сув ва 280 килограмм майиз, нўхат, зира, туз солиб тайёрланган мега палов тайёрланиб, байрам иштирокчилари, тумандаги маҳаллалар аҳолисига, эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз яшовчиларга тарқатилди.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари