Гулистон шаҳрининг Бўстон маҳалласида жойлашган "Алоқа АК" хусусий ишлаб чиқариш корхонасининг бўш турган биносида нуронийларнинг вақтини чоғ, мазмунли ўтказиш учун нуронийлар гузари ташкил этилди.
Гузар ташкил этилмасдан олдин гулистонлик бир гуруҳ нуронийлар Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Чуст, Янги ҳаёт туманларидаги 5 та маҳаллада бўлишиб, нуронийлар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганганди.
–Рости, Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида нуронийлар учун яратилган шарт-шароитлар бизда катта таассурот қолдирганди,– дейди "Нуроний " жамғармаси шаҳар бўлими бош мутахассиси Қўзибой Абдуллаев. –Биз ҳам шу каби гузарни ташкил этиш, 2-сектор ҳудудида истиқомат қилаётган 2000 нафарга яқин нуронийнинг вақтини чоғ ва мазмунли ташкил этиш учун 2-сектор раҳбари, Гулистон шаҳар прокурорига мурожаат қилгандик. У киши бизнинг мурожаатимизни маъқуллаб, ҳудудидаги "Алоқа АК" нинг бўш турган биносидан жой ажратилишга амалий ёрдам берди.
[gallery-19318]
Гузарда нуронийлар дам олиб ҳордиқ чиқариши, шахмат-шашка ўйнаб, спортнинг нуронийларга хос ва мос тури билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Нуронийлар гузарининг очилишга бағишланган тадбирда «Нуроний» жамғармаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Ўтбосар Абдиев иштирок этиб, бу каби гузарларни нафақат Гулистон шаҳри, балки вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам ташкил этиш тўғрисида вилоят раҳбариятига билдирилган ташаббус раҳбарият томонидан маъқулланганини таъкидлаб ўтди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири