Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистонда ижодий учрашувлар
15:13 / 2026-03-03

Гулистон давлат Педагогика институти ҳамда Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказида “Халқ сўзи” ва “ Народное слово” газеталари кунлари бўлиб ўтди. Ижодий учрашувлар “Халқ сўзи” ва “Народное слово” таҳририяти ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ва мазкур газеталар ташкил этилганининг ҳам 35 йиллигига бағишланди.

Учрашувларда таҳририят фаолиятида кейинги йилларда амалга оширилган янгиланишлар, ахборот маконида тезкорлик, аниқлик ва холисликни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, нашрлар мазмун-моҳиятини замон талаблари асосида бойитиш, таҳлилий материаллар салмоғини ошириш ҳамда долзарб ижтимоий-сиёсий жараёнларни чуқур ва холис ёритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, рақамли платформаларни ривожлантириш, расмий веб-сайтни такомиллаштириш, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар фаоллигини кучайтириш, мултимедиа лойиҳаларни йўлга қўйиш орқали ахборот етказиш қамровини кенгайтириш чоралари амалга оширилаётгани таъкидланди. Инфографика, видеошарҳлар ва қисқа таҳлилий материаллар орқали, айниқса, ёшлар аудиторияси билан самарали мулоқот йўлга қўйилган.

Мулоқотларда сўзга чиққанлар мазкур нашрлар аҳолини холис ва ишончли ахборот билан таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим ўрин тутаётганини эътироф этишди.  Шунингдек, матбуотнинг жамият ҳаётидаги ўрни, сўз масъулияти ва журналист касбининг юксак талаблари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбирлар давомида муштарийлар томонидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, институт талабалари газеталарда чоп этилаётган таҳлилий мақолаларни мунтазам кузатиб бораётганларини таъкидлашиб, таҳририят жамоасига ўз миннатдорликларини билдиришди. Институтда “Маҳорат мактаби”ни ташкил этиш таклифи ҳам улар томонидан илиқ қарши олинди.

Якунда таҳририят ва муштарийлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, нашрлар ўқишлилиги ва оммабоплигини ошириш юзасидан билдирилган таклифлар газеталарнинг келгуси фаолиятларида инобатга олиниши маълум қилинди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири