Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистонда интенсив балиқчилик йўлга қўйилади
12:20 / 2026-01-13

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида балиқчилик соҳасини интенсив усуллар ва замонавий технологиялар асосида ривожлантиришга қаратилган йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Шу муносабат билан туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев Хитой Халқ Республикасининг “Haid International Holdings Limited” компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, хусусан, Гулистон туманида балиқчиликни интенсив усулда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Илғор технологияларни жорий этиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув давомида гектарига йилига 150 тоннадан ортиқ балиқ етиштириш имконини берувчи инвестицион лойиҳани амалга ошириш масаласи батафсил кўриб чиқилди. Лойиҳа доирасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш, замонавий озуқа базасини шакллантириш ҳамда балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишини кенгайтириш режалаштирилган.

Музокаралар якунида хитойлик инвесторлар лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган ҳудудларга жойига чиқиб таништирилди. Танишув жараёнида инфратузилма объектлари, ишлаб чиқариш қувватлари, сув таъминоти тизими ва келгусидаги ривожланиш имкониятлари бўйича маълумотлар берилди.

Учрашувлар натижасида дастлабки келишувларга эришилиб, лойиҳани амалга ошириш орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳолини сифатли ва хавфсиз балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш асосий мақсад сифатида белгиланди. Шунингдек, ушбу ташаббус туманнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

– Бундан ташқари, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда Гулистон туманининг  Тажрибакор  маҳалласида жойлашган 68 гектар ер майдонида ташкил этилган махсус саноат зонасида қиймати 200 миллион АҚШ долларига тенг бўлган йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳам келишувга эришилди, – деди Олимжон Жўраев.

Ушбу лойиҳа доирасида совитиш ва иситиш ускуналари, сантехник воситалар ҳамда халқ хўжалигида кенг қўлланиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Натижада 3 мингтага яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда. Маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилиб, маҳаллий бозор эҳтиёжларини ҳам таъминлайди.

Маълум қилинишича, инвесторлар ушбу саноат лойиҳасини жорий йилнинг биринчи чораги якунига қадар ишга туширишни режалаштирмоқда.

Қайд этилишича, интенсив балиқчиликни ривожлантириш иқтисодий самарадорлик билан бир қаторда экологик барқарорликни таъминлаш, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу лойиҳалар Гулистон тумани қишлоқ хўжалиги ва саноатида янги ривожланиш босқичини бошлаб бериши кутилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири