Сирдарё вилоятидаги Гулистон давлат университетида мамлакат ёшларининг илмий изланиш ва стартап ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган муҳим тадбир — "InnoWeek-2025“ Халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига расман старт берилди.
Тантанали очилиш маросимида университет ректори Муҳсин Ходжиев сўзга чиқиб, ҳафталикнинг аҳамиятини таъкидлади:
– Инновациялар — бу тараққиётнинг юраги. ‘ИнноWеэк-2025’ нафақат илмий ишланмалар ва стартапларни намойиш этади, балки ёшларнинг янгича фикрлашини, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Бу ҳафталик — келажак лойиҳаларининг бошланиш нуқтаси, – деди у.

Очилиш маросимида университет ҳовлиси ва мажлис заллари ҳақиқий инновациялар майдонига айланди. Талабалар, ёш тадқиқотчилар ва стартапчилар ўз ғоя ва ишланмаларини экспертлар ҳамда профессор-ўқитувчилар олдида тақдим этдилар. Амалий аҳамиятга эга бўлган қатор илмий лойиҳалар ва янги маҳсулотлар иштирокчилар эътиборини ўзига тортди.
– Ўтказилаётган "InnoWeek-2025" нафақат университетимиз, балки бутун ҳудуд учун муҳим инновацион майдонга айланди деса ҳам бўлади, – дейди Гулистон давлат университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Дилмурод Эшмуродов. – Қолаверса, ҳафталик доирасидаги тадбирлар талабаларимиз ва ёш тадқиқотчилар учун ўз ғояларини амалга ошириш, илмий ишланмаларини намойиш этиш ва экспертлар билан мулоқот қилиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, ёшларда янги фикрлаш тарзини шакллантиради, уларнинг инновацион салоҳиятини очади ва стартап ташаббусларини ривожлантиришга туртки бўлади. Бу каби тадбирлар университетимизда илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, инновацион муҳитни кучайтириш, шунингдек, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳафталик доирасида илмий ишланмалар ва инновацион маҳсулотлар кўргазмаси, стартаплар фестивали ҳам ўтказилди. Фестивалда энг яхши лойиҳалар сараланиб, уларнинг амалий қиймати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ғолиб ва совриндорларга дипломлар ҳамда эсдалик совғалари топширилиши ёшлар учун катта рағбат бўлди.

– Биз ўз ғояларимизни амалий ҳаётга татбиқ этиш имкониятига эга бўлганимиздан жуда хурсандмиз. Бу бизга янада янги ғоялар устида ишлаш учун куч ва илҳом бағишлайди, – деди фестиваль иштирокчиларидан бири, Гулистон давлат университети талабаси Қурбонали Холиқов.

"InnoWeek-2025" доирасида ёшларнинг инновацион салоҳиятини намоён этиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб тадбирлар ўтказилади. Ҳафталик давомида илмий конференциялар, мастер-класслар, семинарлар ҳамда турли амалий учрашувлар ташкил этилиши белгиланган.
Бу ҳафталик — ижодкорлик, янгилик ва келажак сари дадил қадам ташлаш майдони сифатида ёшлар учун кенг имконият эшигини очмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири