Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Гулистонда илк “SAXOVAT” савдо мажмуаси ишга туширилди
12:34 / 2021-06-02

Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги байрамига Сирдарё вилоятининг ҳар бир шаҳар ва туманларида “Истиқлолнинг 30 йиллигига – 30 янги объект” эзгу шиори остида кўплаб янги-янги иншоотлар қурилиб фойдаланишга топширилмоқда.

Гулистон шаҳрида фойдаланишга топширилган “SAXOVAT” савдо маркази ана шундай катта лойиҳалардан биридир.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб, мазкур комплекс аҳолига қулай ва мақбул савдо хизматларини кўрсатиши, қолаверса, ҳудуднинг тадбиркорлик салоҳиятини юксалтириш йўлидаги хайрли қадамлардан бири эканлигини таъкидлади.

Тадбир иштирокчилари савдо мажмуасида харидор ва хизматчиларга яратилган шарт-шароит ва қулайликлар, маҳсулотлар турлари, нархи ва сифати билан яқиндан танишди.

– Ҳар доим эл хизматида бўлиш, юрт корига яраш ҳаракатидамиз, – дейди савдо маркази раҳбари Илҳом Каримов. – Мажмуамиз Гулистон шаҳрининг айнан қоқ марказида жойлашганлиги, маҳсулотларнинг сифати кафолатланган ва арзонлиги мижозларимиз учун жуда қулай. Сифатли хизмат кўрсатиш даромад олишимизда муҳим омил. Бу узоқ йиллар шу тизимда ишлаш, рақобатлардан чўчимай фаолият юритиш имконини беради.  

Умумий майдони 25 минг квадрат метрни ташкил этувчи ушбу 4 қаватли бино Жамшид Кенжаев раҳбарлигидаги “Бетон саноат” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан жаҳон ва Европа андозалари ҳамда Шарқ меъморчилиги мужассамлашган ҳолда бунёд этилди.

Ушбу савдо мажмуаси ишга туширилиши натижасида 500 нафар сирдарёлик ёшлар, хотин-қизлар янги иш ўрни билан таъминланди.  

Яна бир эътиборли томони, мажмуадаги гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари расталари айнан маҳаллий етиштирувчилар ихтиёрига берилган.

Биринчи қаватда йирик кўп турли маҳсулотларга эга 1500 кв.м. майдонда "MAKRO" озиқ-овқат маркети, ўзининг қулайлиги, сифати билан танилган "ISHONCH" маиший техника ва электроника савдосига ихтисослашган интернет дўконлар тармоғи, новвойхона жойлашган.

Шунингдек, ушбу қаватдан 5 минг китоб фондига эга кутубхона жойлаштириш учун ҳам барча шароитлар яратилган.  

Иккинчи қаватда аёллар, эркаклар ва болалар кийим-кечак дўконлари, сарпо буюмлари, "INDENIM" бренди, "Redtag" ва "Flo" каби нуфузли брендларнинг маҳсулотлари ҳам сотувга қўйилган. Ушбу қаватда ателье мод, парфюмерия ва аксессуар савдо дўконлари ҳам жой олган.

[gallery-2647]

Ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичида, иншоотнинг 3-қаватида болалар ўйин майдончалари, "BOWLING" маркази, овқатланиш майдони фудкорт ва бошқа кўнгилочар объектлар жой олиши режалаштирилган.  

Озиқ-овқат майдонида "EVO", "Bellissimo", "STREET 77", "Les Ailes" ва шу каби маҳаллий озиқ-овқат тармоқлари жойлашади.

Марказнинг 4-қаватида панорамали қаҳвахоналар, очиқ айвонлар мавжуд бўлиб, ушбу дам олиш ва овқатланиш мажмуаси ишга тушгач, ёзнинг иссиқ кунларида оилавий келиб ҳордиқ чиқариш мумкин.  

"SAXOVAT" савдо маркази вилоятдаги илк савдо-кўнгилочар марказ саналади. Махсус чегирма ва акциялар, кенг турдаги маҳсулотлар, сифатли хизмат, шинам ва қулай харид муҳити маҳаллий аҳоли учун айни муддаодир.

 

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат) ЎзА