Халқлар Дўстлиги куни олдидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан дўстлик фестивали ўтказилди. Унда 1000 дан зиёд Сирдарёда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари, миллий маданий марказлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Фестиваль доирасида халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, юртимизнинг бетакрор табиати, миллатлараро дўстлик, турли миллат вакилларининг юртимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси акс этган тасвирий санъат асарлари, миллий таом ва либослар, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этилди.
[gallery-12960]
Шунингдек, миллий маданий марказлар бадиий жамоаларининг мустақилликни, тинчлик, дўстлик, ёшлик, меҳр-оқибат ва бағрикенгликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари янгради, таниқли хонандалар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Фестивалда Сирдарё вилояти хокими, сенатор Акмалжон Маҳмудалиев иштирок этди ва сўзга чиқди.
–Вилоятда 70 дан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборат бўлган 900 мингга яқин воҳадошларимиз ҳозирда тинч-тотув, аҳил ва иноқ бўлиб истиқомат қилмоқда. Уларнинг кўпчилиги ўтган асрда бўлиб ўтган Иккинчи Жаҳон уруши даврида Ватанимизга эвакуация қилинганларнинг, кўҳна Мирзачўлни боғу-бўстонга айлантиришга сафарбар этилган турли миллат вакилларининг фарзандлари, авлодларидир. Улар ҳам киндик қонлари тўкилган Ўзбекистонимизни,Сирдарёмизни чин маънода ўз Ватанлари деб биладилар.Юртимизда ўтказилаётган бундай Дўстлик фестиваллари қардош миллатларни янада меҳр-оқибатли, бир тану бир жон бўлиб умргузаронлик қилишларига хизмат қилади, –деди вилоят ҳокими ўз нутқида.
– Собиқ Иттифоқ даврида институт йўлланмаси билан Озарбайжондан Гулистон шаҳрига ишга юборилганман, – дейди Республика Озарбайжон Миллий маданий марказининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатларининг "Дўстлик" орденлари соҳиби, таниқли шоир Али Насирли. – Кўп мамлакатларда бўлиб ўзбек халқидек танти, меҳмондўст, меҳнаткаш халқни учратмадим. Ёзган шеърларимда ҳам асосан ўзбек халқини юксак инсоний фазилатларини, абадий дўстлигимизни тараннум этганман.
Мамлакатимиз миқёсида ўтказиб келинаётган Дўстлик фестиваллари барча қардош юртдошларимизни бир биримизга бўлган муҳаббатимизни, садоқатимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шуҳрат Суяров, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА