"Корея – Ўзбекистон" бизнес ассоциациясининг директорлар кенгаши раиси Ким Чанг Кеон бошчилигидаги кореялик ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Делегацияни Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев қабул қилди. Мулоқот давомида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболлари муҳокама этилди. Қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариш, таълим, шунингдек, вилоятда Корея стандартлари асосида шаҳарсозлик нормаларини жорий этиш борасида амалий натижаларга эришилаётгани қайд этилди.


Айтиш лозимки, бугунги учрашув Жанубий Корея билан ҳамкорликда вилоятда шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва мактабгача таълим соҳасида бошланган музокараларни давом эттириш учун қулай имконият бўлди. Самимий ва ишчанлик руҳида кечган мулоқот давомида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Хусусан, тез орада Гулистон шаҳрида қатор афзалликларга эга, қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “Ақлли шаҳар” барпо этишга киришилади.


“EduLink Global” компанияси томонидан “Guliston New City” лойиҳаси доирасида Жанубий Корея тажрибаси асосида мактабгача таълим муассасаси қурилиши ҳам назарда тутилмоқда.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар юқоридаги лойиҳаларни амалга оширилиши режалаштирилаётган ҳудуд инфратузилмаси билан танишишди.
Ш. Суяров, Ш. Ортиқбоев,(сурат) ЎзА.